«Экология инспекторларидан нега кўпроқ жарима ёзиш талаб қилиняпти?» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолага муносабат
24.
11. 2020
13:25
5533
Янгиликлар

Мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 15 январдаги 29-сон қарорга мувофиқ Давлат экология қўмитасининг асосий вазифаларидан бири мумлакатимизда ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан самарали давлат экологик назоратини ўрнатиш ҳисобланади.

Шуни эътиборга олган ҳолда ижтимоий постда келтирилган «Қўмита раҳбари ўринбосарлари инспекторлардан кўпроқ жарима қилишни, хусусан, чиқинди йўналишида ишлайдиган инспекторлардан ҳафтасига 4-5 тадан жарима қўллашни талаб қилмоқда. Бу талабни бажармаганларнинг маоши қирқилар, ҳатто ишдан бўшатилар экан» мазмундаги фикр нотўғри интерпретация қилинган.

Негаки давлат инспекторининг асосий вазифаси унга юклатилган вазифаларни ўз вақтида ҳамда самарали ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини таъминлаш ҳисобланади.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларда аҳоли томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан кўплаб хабарлар жойлаштирилмоқда. Мазкур хабарларни бевосита жойига чиқиб ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни содир этган ҳамда этаётган шахсларни жавобгарликка тортиш, ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррар эканлигини аҳолига тушунтириш инспекторларнинг бевосита вазифаси ҳисобланиб, мазкур вазифаларнинг ижросини инспекторлардан талаб қилинишини «...ҳафтасига 4-5 тадан жарима қўллашни талаб» қилиш билан адаштириш ноўриндир.

ZOOM орқали ҳафтада 1-2 маротаба ташкил этилаётган видеоконференциялардан мақсад эса ҳудудларда юзага келаётган муаммоли масалаларни тезкор ҳал этиш ва келгусидаги ишларни тўғри режалаштириш, тақсимлаш, шунингдек, ходимларга малакали фаолият юритишлари учун зарур тавсия ҳамда йўлланмаларни беришдан иборат.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар