Табиий экотизимлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг муҳофаза қилиниши ҳамда кўпайтирилишида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг аҳамияти катта. Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими бугунги кунда 3,521 млн гектарни қамраб олган 6 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат боғи, 2 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та «Жайрон» махсус питомнигидан таркиб топган. Мамлакатимизда 84 та ўрмон хўжалиги корхоналарининг фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, уларининг умумий майдони 11,44 млн гектарни ташкил қилади. Биохилма-хилликни сақлаш билан боғлиқ муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 14,963 млн гектарни ташкил қилади.
Мазкур муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар қаторида давлат қўриқхоналари алоҳида ажралиб туради. Давлат қўриқхоналари табиий объектлар ва мажмуаларни муҳофаза қилишнинг қаттиқ режимига эга бўлган, типик экологик тизимлар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш ҳамда ўрганиш учун мўлжалланган, умумдавлат аҳамиятига молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобланиб, уларнинг ҳудудида илмий-тадқиқот фаолияти ва атроф табиий муҳит мониторингини юритишдан ташқари ҳар қандай фаолият, жумладан қўриқхона ҳудудида ҳамда уларнинг қўриқланма зоналарида тирик организмларнинг янги ва кенжа турларини иқлимлаштириш мақсадида жойлаштириш таъқиқланади.
Мамлкатимиздаги барча давлат қўриқхоналар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тасарруфида бўлиб, улар Зомин, Сурхон, Нурота, Қизилқум, Ҳисор ва Чотқол давлат қўриқхоналаридир. Чотқол қўриқхонасига табиатининг ўзига хослиги жиҳатини эътиборга олиб ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан биосфера қўриқхонаси мақоми берилган.
Мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш соҳасига Президентимиз ва ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилаётганлиги ҳам биологик хилма-хилликнинг табиат ҳамда жамиятнинг уйғунлигини таъминлашдаги аҳамиятининг эътирофи ҳисобланади. Жумладан, мустақиллик йилларида Қуйи Амударё ва Угом-Чотқол давлат биосфера резерватлари, Сайгачий мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, Зарафшон, Китоб, Угом-Чотқол, Хоразм ва Жанубий Устюрт миллий табиат боғларининг ташкил этилиши мазкур нуқтаи-назарнинг исботидир.
Айниқса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4247-сонли қарори бу борада ўзига хос аҳамият касб этди. Мазкур Қарор асосида республикамиздаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг келгусида ривожлантирилиши соҳасида бир қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди ва ишлаб чиқилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг «2021 - 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш ва кенгайтириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Зомин, Нурота, Қизилқум ва Сурхон давлат қўриқхоналарининг қўриқланма зоналарини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва «Қорақалпоғистон Республикасида «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор лойиҳалари тайёрланиб тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати