Қорақалпоғистон. «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди
09.
02. 2021
13:08
7585
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сон қарори ижросини ҳамда Ҳалқаро табиатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қорақлапоғистон Республикасида «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида» 2021 йил 8 февралдаги 58-сон қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди.

Буюртма қўриқхонасининг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта кўпайтиришдан иборат.

Қарор билан Давлат экология қўмитасига 2021 йил якунига қадар Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқ жойлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

Малумот учун: Ҳозирда 6 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та Жайрон махсус питомниги мавжуд. «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши натижасида Уларнинг умумий майдони 3,521 млн гектардан 3,801 млн гектарга ёки мамлакатимиз ҳудудининг 7,84 % дан 8,46 % га кўпайди.

 

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар