Расмий муносабат
16.
04. 2021
20:37
5439
Эконадзор

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р. Кушербаевнинг Янгийўл шаҳар оқова тозалаш иншооти хусусидаги мурожаати бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.

Ушбу шикоят қўмитанинг Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш бошқармаси, Тошкент вилояти экология бошқармаси ва Атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги бўлими мутахассислари билан биргаликда жойига чиқиб ўрганилди.

Янгийўл тумани оқова сув тозалаш иншооти 1972 йилда қурилган бўлиб, маънан эскирган, санитария ҳимоя зонаси тўлиқ ташкил этилмаган. Иншоот Янгийўл шаҳри аҳолисидан ва 120 дан ортиқ саноат корхоналаридан ҳосил бўладиган оқоваларни тозалашга мўлжалланган. Лойиҳавий қуввати кунига 76 минг. м3, амалда 15-19 минг м3 ташкил қилмоқда.

Ҳозирги кунда иншоот оқоваларни тозаланмасдан (механик ва биологик тозалашдан жараёнидан ўтказмасдан), белгиланган тартибга зид равишда тўғридан-тўғри «Салар-2» каналига чиқармоқда. Бунда фақатгина хлорли эритма билан қўлбола қурилмадан фойдаланиб зарарсизлантирилмоқда. Иншоотдаги технологик ва муҳандислик жиҳозлари мукаммал таъмирга муҳтож.

Мазкур қонунбузилишига йўл қўйганлиги учун филиал раҳбарига нисбатан МЖтКнинг 72-модда 1-қисми билан БХМ нинг 5 баробари миқдорида маъмурий чора кўрилди. Лаборатория таҳлил натижалари бўйича атроф муҳитга оқовалар ташламалари бўйича компенсация тўловлари қайта қўриб чиқилади.

Тозалаш иншоотида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 сентябрдаги 809-сонли қарори билан тасдиқланган манзилли дастурга мувофиқ «Комфорт Инжененринг» МЧЖ томонидан капитал таъмирлаш ишлари бошланган бўлиб, лойиҳа доирасида республика бюджети ҳисобидан 9 955 млн сўм маблағ молиялаштирилган. Қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг якунига қадар тугаллаш режалаштирилган ва бу жараён устидан назорат олиб бориш Қурилиш вазирлигига топширилган.

Аэротенк ва радиал тиндиргич ҳовузлари лойқадан тозаланган.Кейинчалик реконструкция ишлари тўхтаб қолган. Ҳозирда оқовалар тўғридан-тўғри «Салар-2» каналига чиқариб келинмоқда.

Тошкент вилоят экология бошқармаси томонидан 2020 йил 14 август кунида ўтказилган экологик назорат тадбирлари давомида ҳам иншоотдан оқова сувлар тозаламасдан оқизаётганлиги аниқланган. Мазкур қонунбузилишига йўл қўйганлиги учун филиал раҳбарига нисбатан МЖтКнинг 72-модда 1-қисми билан БХМнинг 5 баробари миқдорида маъмурий чора кўрилган ҳамда оқова сувлардан таҳлиллар олиниб, унинг натижаларига кўра компенсация тўловлариҳисоб-китоб қилинган.

Шу билан бирга, атроф-муҳитни ифлослантирганлиги учун «Тошкент Сув Таъминоти» МЧЖ Янгийўл шаҳар филиалига нисбатан тегишли чора кўриш юзасидан 14.08.2020 йил 01/09-2232-сон билан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилган.

Мазкур суднинг қарорига мувофиқатроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги учун 314 млн сўм миқдорида компенсация тўловлари ундириб олинган. Бугунги кунда Янгийўл шаҳар филиалининг компенсация тўловларидан 39 млн сўм миқдорида қарздорлиги мавжуд. Давлат экология қўмитаси мазкур муаммо ечими юзасидан ўз ваколатлари доирасида олиб борилаётган назорат ишларини изчил давом эттиради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Матбуот хизмати 

 


 

Фойдали манбалар