Давлат экологик экспертизаси: кеча, бугун, эртага
05.
05. 2021
12:13
12521
Янгиликлар

Маълумки, ўтган асрнинг сўнггига келиб экологик хавфсизлик масаласи миллий ва минтақавий чегаралардан чиқиб, глобал муаммо тусини олди. Аҳоли сонинг ошиб бориши баробарида табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжнинг ортиши, фан ва техника, саноат корхоналарининг жадал ривожланиши, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг кимёлаштирилиши атроф-муҳитга, инсон саломатлигига, ўсимлик ва ҳайвонот оламига, атмосфера ҳавосига, сув ҳавзаларига, ер ости сувларининг табиий айланиши ва тупроқ ҳолатига салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Саноат корхоналаридаги фильтрлаш тизимлари, яъни тозалаш қурилмаларининг талаб даражада ишламаслиги ҳам улардан чиқадиган зарарли моддалар миқдори кўпайишига имкон бермоқда. Атмосфера ҳавосига чиқарилаётган минглаб тонна ташланмалар йиллар давомида ёмғир, қор, шамол ва бошқа омиллар таъсирида тупроқ қопламига тушиб, кимёвий ифлосланиш даражаси кўтарилишига олиб келди.

Экологик экспертиза эса мана шундай ҳаётий заруриятдан келиб чиқиб ташкил қилинган муҳим фаолият ҳисобланади.

Давлат экологик экспертизасини ўтказишни ташкил этиш бўйича ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисобланиб, давлат экологик экспертизаси қўмита таркибидаги ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Бу хизмат ҳозирги глобаллашув даврида долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, экологик экспертиза деганда режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда экологик экспертиза объектини рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш тушунилади.

Саноат корхоналарининг давлат экологик экспертизасини ўтказиш мажбурий талаб ҳисобланади.

Атроф-муҳитни баҳолаш жараёнида, биринчи навбатда, инсоният соғлиғига, шунингдек, атроф-муҳитнинг таркибий қисмлари бўлган ер, ер қаъри, тупроқлар, ер усти ва ер ости сувлари, атмосфера ҳавоси, азон қатлами, флора ва фауна ҳамда шу каби бошқа табиат омилларига салбий таъсирини ўрганиш ва уни амалга оширилишини мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилишни тушунишимиз керак.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасини ўтказиш бундан 24 йил аввал, яъни 1997 йили жорий этилган. Дастлаб Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни ҳуқуқий асос бўлган бўлса, 2000 йил 25 майда «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги қарориатроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва давлат экологик экспертизани янада такомиллаштиришдаги муҳим қадам бўлди. Бежиз бу ҳужжатга тўхталаётганимиз йўқ, чунки ушбу қарор билан илк бор мамлактимизда давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низом билан биргаликда экспертизадан ўтказиладиган корхоналар рўйхати тасдиқланди.

Бунда, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиши бўйича фаолият турлари юқори даражадаги хавфли бўлган I тоифа, ўрта даражадаги хавфли бўлган II тоифа, паст даражадаги хавфли бўлган III тоифа ҳамда маҳаллий таъсир кўрсатувчи IV тоифага мансуб объектлар сифатида таснифланди.

Экологик экспертизани ўтказиш жараёнида мўлжалланаётган фаолиятнинг атроф-муҳитнинг таркибий қисмларига, шу жумладан, инсон соғлигига таъсири каби қатор меъёрларга амал қилинишига ҳам эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳат саналади. Масалан, «Давлат экологик экспертизаси маркази» томонидан 2006 йилдан 2020 йилга қадар атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I, II, III, IV тоифаларига мансуб бўлган корхона ва ташкилотларнинг 18 043 тасига ижобий хулосалар тақдим этилган, 4 269 тасига эса хулосалар қайта ишлаш учун қайтарилган.

Кўп нарса солиштирганда, таққослаганда билинади. Таҳлилларга кўра, 2000 йилларнинг бошида экологик экспертизага йилига жалб қилинган корхоналар сони ўртача 4-5 мингтани ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу кўрсаткич 20-25 мингни ташкил қилмоқда.

Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, бугунги кунда республика ҳудудида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи 171 та модда, ер ва сув объектларига 84 турдаги оқова ҳамда фаолият натижасида ҳосил бўладиган 146 турдаги чиқиндиларнинг доимий назорати юритилади.

Йилдан йилга экологик экспертизани ўтказиш бўйича ўсишни кўришимиз мумкин. Масалан, 2021 йилнинг 1 чораги давомида 603 та лойиҳа хужжатлари келиб тушган.Бу лойиҳаларнинг атроф-муҳитга таъсири ўрганиб чиқилганда, 102 та лойиҳанингатроф-муҳитга салбий таъсири юқори бўлганлиги сабабли уларни бартараф этиш учун қайтарилган, 6 та лойиҳани рўёбга чиқариш учун рад жавобилари берилди.

Шу ўринда, бу турдаги фаолиятларни аҳоли яшаш ҳудудларидан узоқроқ ва экологик талабларга мувофиқ бўлган ҳудудларда жойлаштирилишини таъминлаш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Албатта, йилдан йилга экологик экспертизадан ўтиши керак бўлган саноат корхоналари кўрсаткичининг ошиб бориши бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда мамлакатимизда янги конларнинг ўзлаштирилиши билан боғлиқ ҳолда саноат корхоналарининг сони ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, кичик ишлаб чиқариш фаолияти ҳам кейинги йилларда жуда тез ривожланмоқда.

Сир эмаски, саноат корхоналари, хўжалик маиший хизмат корхоналари ўзларининг иш жараёнида атроф-муҳитга маълум даражада таъсир ўтказадилар, яъни газ, суюқ ва қаттиқ ҳолдаги чиқиндиларни чиқаради. Бу чиқиндилар йиллар давомида тупроқда, сувда ёки атмосфера ҳавосида ҳаракатланиб туради. Хусусан, қўрғошин, рух, мишяк, ваннадий, молибден, кадмий, симоб ва бошқа бир қатор кимёвий элементлар вақт ўтиши билан ўта заҳарли бирикмалар ҳолида тупроққа, сувда ёки ҳавога йиғилиб боради. Айни шу жиҳат эътиборга олинган ҳолда кейинги вақтларда экологик экспертиза хулосасини беришда маиший ва қурилиш чиқиндилари учун мўлжалланган ҳолатларга ҳам катта эътибор берилмоқда.

Саноат корхоналаридан чиқадиган чиқиндилар таркибидаги турли моддалар, асосан, олтингугурт оксидлари, азот оксидлари, углерод оксидлари, оғир металлардан – темир, қўрғошин, мис, кобальт, никел, кадмий, симоб тузлари ва бошқалар атмосфера ҳавосига, умуман, тириклик дунёсига ўз салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Шунинг учун саноат корхоналарига янги, замонавий, кам чиқиндили технологияларни олиб кириш ҳамда атроф-муҳитга чиқадиган чиқиндиларнинг камайишига ҳаракат қилиб тоза экологик шароитни яратишимиз керак.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 3 октябрдаги қарорига мувофиқ, Давлат экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари таркибида давлат экологик экспертизасини ўтказиш бўйича «Давлат экологик экспертизаси маркази» давлат унитар корхоналари таъсис этилган.

Кейинги йилларда республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида атроф-муҳитни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш борасида Вазирлар Маҳкамасининг «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 7 сентябрдаги қарори қабул қилинди. Бу билан, ташкил этилиши кўзланаётган фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш жараёнига жамоатчлик иштирокини таъминлашнинг мажбурий талаби ва унинг аниқ механизми белгилаб берилди.

Давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун тақдим этиладиган материалларни давлат экологик экспертизасидан ўтказиш тартиб-таомилларини белгилашда бу асосий ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда. Кези келганда айтиш ўринлики, ушбу қарор ижросидан келиб чиқиб 2020 йилнинг 1 октябридан Давлат экология қўмитасининг www.eco-service.uz веб-сайти орқали давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг электрон ҳужжат алмашинувининг ягона тизими ишга туширилди ҳамда ариза ва атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материалларининг қоғоз шаклда қабул қилиниши тўлиқ тўхтатилди.

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига мансуб фаолият турларининг Давлат экологик экспертизаси атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги электрон анкета ишлаб чиқилиб, www.eco-servisce.uz веб-сайти орқали амалиётга жорий этилди.

Бугунги кунда материлларни экологик экспертизадан ўтказиш хизматларини кўрсатиш соҳасидаги хорижий компанияларни танлаш учун Танлов (конкурс) комиссияси таркибини ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилиб тасдиқлаш учун тайёрланди. Буйруқ лойиҳаси билан комиссия таркиби, комиссия низоми, Экспертлар ишчи гуруҳи таркиби ҳамда танлов (конкурс) ўтказиш тўғрисидаги низом лойиҳалари тасдиқланиши кўзда тутилган.

Республика ҳудудида фаолият юритаётган Давлат солиқ инспекциянинг тадбиркорлик субъектларининг (жами 352,0 мингдан ортиқ) базаси асосида давлат экологик экспертизаси билан қамраб олиниши, уларнинг атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш тоифасини аниқлаш бўйича хатлов ишлари юзасидан тақдим этилаётган маълумотлар умумлаштирилмоқда.

Халқаро даражадаги экспертлар билан хорижий тажриба асосида атроф-муҳитни баҳолаш тизимини ҳалқаро талабларга мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилган ишларга кўра,иккита янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унинг амалиётга тадбиқ этилиши натижасида мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга, хорижий инвестор ва халқаро молия институтларига тушунарли бўлган экологик экспертизаси тизимининг жорий этилишига ҳамда тадбиркорлик субъектларининг асосланмаган беҳуда харажатларининг олдини олиш имкони яратилади.

 

 

«Давлат экологик экспертизаси маркази» ДУК
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар