Биохилма-хилликни сақлаш бўйича тренинг
07.
05. 2021
10:42
5439
Янгиликлар

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда биохилма-хилликни асраш, қонунчиликка риоя этилишини мониторинг юритиш ва ижрони таъминлашда идоралараро мувофиқликни яхшилаш» мавзуида тегишли вазирликлар мутахассислари учун қўшма ўқув тренинг ўтказилди. Глобал экологик фонднинг «Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим асосий тоғ минтақаларида табиат ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш» лойиҳаси кўмагида ташкил этилган тадбир иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилиги бўйича ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилишга оид кераклик кўникма ва билимларга эга бўлдилар. Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (СИТЕС) мақсадини атрофлича ўргандилар. Бу келишув 33 000 дан ортиқ турдаги ҳайвон ва ўсимликлар учун турли даражадаги ҳимояни тақдим этади.

Аввалроқ ушбу лойиҳа доирасида божхона, чегара хизматлари ходимлари, ИИВ ва табиатни муҳофаза қилиш тузилмалари масъуллари учун ўқув қўлланмаси тайёрланганди. Тренинг давомида унинг тақдимоти ҳам ўтказилди. Бу материаллар божхона постларида Давлат чегараси орқали олиб ўтилаётган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини яхшироқ фарқлашда ёрдам беради. Шунингдек, ўқув материалида СИТЕС халқаро конвенцияси доирасида ташишга рухсат берилган ҳайвонлар ва ўсимликларни олиб юриш қоидалари батафсил ёритилган.

Тренинг давомида олинган билимлар, шунингдек, ички ишлар органларининг табиатни муҳофаза қилиш тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини яхшилайди. Ушбу мулоқот мазкур мавзудаги туркум тренингларнинг дастлабкиси бўлиб, келгусида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўтказилиш режалаштирилган.

Биохилма-хилликни сақлаш бўйича тренинг

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар