Республика ҳудудида дарахт кесилишига жорий этилган мораторий масалаларига бағишланган матбуот анжуманини
28.
05. 2021
14:08
4703
Тадбирлар

2021 йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий масалаларига бағишланган матбуот анжуманини ўтказди.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра, 2015-2020 йиллар давомида яшил ўрмонзорларнинг йўқолиб кетиш суръатлари йилига 10 млн гектар деб баҳоланмоқда. 100 млн гектардан ортиқ ўрмонлар ёнғинларнинг салбий таъсирига, турли касалликлар, чўлланиш ҳамда иқлимнинг ноқулай шароитларига учрамоқда.

Анжуманда сўзга чиққан мутахассислар мамлакатимизда ўсимлик дунёси объектларини, хусусан дарахтларнинг ноқонуний кесилишига йўл қўймаслик, бу борада амалга оширилаётган тадбирларга тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155 – сон фармонига мувофиқ республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

Шу билан бирга ҳар бир кесилган дарахт ва буталар учун компенсация тарзида 10 туп қимматлилиги жиҳатидан кесиладиган дарахт ва буталардан кам бўлмаган, йирик ўлчамли кўчат экиш ҳамда уларни камида икки йил давомида парвариш қилиш, ноқонуний кесилган дарахт ва буталар учун эса уч йил давомида парваришлаш шарти билан 100 туп кўчат экиш мажбурияти киритилди.

Таъкидланганидек, мораторий даврида 5 минг 609 та жисмоний ва юридик шахслар томонидан 258 минг 29 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсат сўраб мурожаат қилинган бўлса, 182 минг 648 туп, шундан 91 минг 54 туп шарқ чинори, эман, қрим қарағайи, чинорсимон заранг, элдор қарағайи, каштан, шумтол, туранғил ҳамда бошқа 20 турдан ортиқ қимматбаҳо дарахтлар ва буталарнинг кесилишига рад этилди.

Шундай экан, мораторий жорий этилган тақдирда республика бўйича 2021 йилнинг 31 декабрига қадар давлат ўрмон фондига кирмайдиган 182 минг туп, шундан 92 минг тупга яқин қимматбаҳо дарахт ва буталар навларини сақлаб қолинишига эришилди.

2021 йилнинг 4 ойи давомида республикада дарахт ва буталарни ноқонуний кесилиши билан боғлиқ жами 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган бўлиб, 2795 туп дарахтлар, шундан 1313 туп қимматли дарахтлар ноқонуний равишда кесилганлиги, 619 туп дарахтлар шикастлантирилганлиги сабаб ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 514 млн сўм маъмурий жарима белгиланган ва 4 988 млн сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланган. 113 та ҳолатда мансабдор шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этилган.

109 та ҳолат бўйича 4 671 млн сўм жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга (суд, прокуратура, МИБ, ИИБ) киритилган.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар