Қашқадарё вилояти. «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ўтказилди.
31.
05. 2021
14:32
4263
Янгиликлар

Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган учрашув ҳам қизғин бир руҳда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари И. Боқижонов ҳамда Қўмита раисининг маънавий-маърифий ишлар ва давлат тилида иш юритиш бўйича маслаҳатчиси С. Ташимов, шунингдек, вилоят Экология бошқармаси мутасаддилари иштирок этди.

Маълумки, эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, уларнинг фикларини тинглаш, янги ғояларини эшитиш ва бу жараёнда уларнинг ютуқ-муаммоларини ҳам ўрганиб ҳал этиш бугунги кунда барча раҳбарларнинг кун тартибидаги энг асосий масалалардан бирига айланмоқда. Ёшларнинг дилидаги мақсад ва ниятларидан хабардор бўлиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этишда бу каби учрашувлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёшлар агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси биносида ўтказилган учрашувда Қарши давлат университети, Қарши муҳандислик иқтисодиёти институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти Қарши филиалида “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси” йўналишида таҳсил олаётган бакалавр ва магистр талаба ёшлар иштирок этишди.

Учрашувда Қарши давлат университетининг 1-босқич талабаси Фирдавс Шамсиддинов ўзининг «Экологик таълим тарбиянинг долзарблиги» мавзусидаги маърузаси билан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти Қарши филиалининг 2-босқич талабаси Мафтуна Алимардонова «Сувдан оқилона фойдаланиш ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилиш билан тенгдир« мавзусидаги видео ролиги билан, шу олийгоҳнинг 2-босқич талабаси Оғабек Ярманов ўзи истиқомат қиладиган Чироқчи туманидаги аҳолини қийнаб келаётган чиқиндилар муаммосига бағишланган «Она табиатни асраб авайлаш инсониятни қўлида» мавзусидаги ролиги билан қатнашиб, ўзларининг янги ғоялари, қарашлари, таклифларини билдирдилар.

Атроф муҳит мусаффолиги йўлида фаолият олиб бораман деган юксак мақсадлар билан шу соҳада фаолият олиб бораётган ёшларнинг мурожаатлари эшитилди ва аксарият мурожаатлар жойида ҳал қилиниб, ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш чораларини кўриш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Учрашувда вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида битирув малакавий амалиётини ўтаб, ўзининг тиришқоқлиги ҳамда талабчанлиги билан барчага ўрнак бўлган Қарши муҳандислик иқтисодиёти институтининг битирувчи талабаси Суннат Холиқов бошқармага ишга қабул қилинганлиги маълум қилинди ва айтиш керакки, бу иштирокчи ёшларга кўтаринки руҳ бағишлаб, ўзларига бўлган ишончни янада мустаҳкамлади.

Учрашув якунида атроф муҳит мусаффолигини таъминлашда янги инновацион технологияларни жалб этишга доир ғоялари билан фаол қатнашган иштирокчи ёшлар Қўмита раҳбариятининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар