Бутунжаҳон атроф-муҳит куни доирасида илмий-амалий конференция
04.
06. 2021
18:30
5903
Тадбирлар

Ҳар йили 5 июнда ўтказиладиган Бутунжаҳон атроф-муҳит куни бутун жаҳон жамияти эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларига жалб қилишдан иборат.

Мазкур байрам 1972 йил 5 июнда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Стокгольмда ўтказилган конференциянинг резолюциясига асосан қабул қилинди. Бу куннинг нишонланиши ҳар бир инсон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун ўз хиссасини қўшишга даъват этади.

2021 йилда кун мавзуси: Англаш. Қайта яратиш. Қайта тиклаш (Переосмыслить. Воссоздать. Восстановить.). 2021 йил 5 июнь Экотизимларни қайта тиклаш бўйича БМТ ўн йиллигининг бошланиши бўлиб, у экотизимларни қайта тиклашга, бу борада давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес-тузилма вакиллари ҳамда фаол фуқароларни бир мақсад сари бирлаштиришга қаратилган. БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили жаҳон миқёсида, 4,7 млн гектар ўрмонлар йўқ бўлиб бормоқда. Жаҳон оқова сувларининг деярли 80 фоизи тозаланмасдан океан ва дарёларга ташланади.

Сана муносабати билан 2021 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти ходимлари иштирокида халқаро илмий-амалий семинар ўтказилди.

Таъкидланганидек, экотизимларни қайта тиклаш – бу кенг кўламли умумжаҳон тадбирларидан бири бўлиб, у миллиард гектар ерларни, биологик хилма-хиллик, хусусан, йўқолиб кетиш хавфи остида турган флора ва фаунани қайта тиклаш ва бошқалар.

Экотизимларни қайта тиклашга ҳар бир фуқаро ўз хиссасини қўшиш имконига эга. У ҳар биримиз кундалик ҳаётда қилишга қодир бўлган кўплаб кичик қадамларни ўз ичига олади: шаҳарларни озода сақлаш, қирғоқ бўйи ҳудудларни тозалаш, чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, кўчат экиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, электр энергияни тежаш ва ҳоказо.

Илмий-амалий семинар ўтказишдан асосий мақсад ҳам – бутун дунёда ва мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жумладан ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув ва тупроқнинг ифлосланишини олдини олиш ва уларни муҳофаза қилиш бўйича кенг-кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш, саноат корхоналари ва аҳолидан чиқадиган маиший ва қаттиқ чиқиндилардан биологик хавфсиз усулларда утилизация қилиш, ерларни биоремидация ва рекультивация усуллари ёрдамида қайта ишлашнинг самарали усулларни ишлаб чиқиш ва яна ер фондига қайтариш, тозаланган сувлардан иккиламчи мақсадларда ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда фойдаланиш, табиий биохилмахилликни асраб авайлаш, атмосфера ҳавосини мусаффолигини сақлаш давр талаби эканлигини кўрсатиб ўтиш.

Семинар давомида «Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазасининг давлат бошқаруви», «Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг илмий асослари», «Орол денгизи ҳудудида илмий тадқиқотларнинг барқарор ривожланиш интеграцияси қоидалари», «COVID-19 ва табиатни асраш: Пандемия даврида экологик хабардорликни кучайтириш» ва бошқа мавзуларида маъруза қилинди.

Орол денгизи туфайли келиб чиқадиган экологик муаммоларни бартараф этиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ эррозияси ва уни олдини олиш, Республикамиз ҳудудларида тупроқларни шўрланишига қарши олиб борилаётган чора тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди. Айниқса маиший ва саноат чиқиндилари билан ифлосланган ерларни биоремидация ва рекультивация усуллари ёрдамида қайта ишлаш, улардан қишлоқ хўжалигида яна фойдаланиш мумкинлиги мутахассислар томонидан эътироф этилди.

Халқаро илмий-амалий семинар қатнашчилари томонидан сувнинг турли кўрсаткичлар бўйича динамикаси ўрганилиши, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқадиган чиқинди оқова сувларни тозалаш учун таклиф этилаётган биологик тозалаш усуллари орқали тозаланган чиқинди оқова сувлар турли хил кимёвий моддалардан тозаланиши, натижада уларнинг атроф-муҳитга кўрсатадиган салбий таъсирининг камайишига эришилиши, биологик усуллар ёрдамида тозаланган сувлардан кейинги босқичларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда фойдаланиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар