Жорий йил 8 октябрь куни Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар» мавзусида навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Давлат экология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ПФ-5863-сон Фармонида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш йўналишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар бўйича ҳисоботи эшитилди.
Бундан ташқари, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича масъул ходимлари иштирок этдилар ва улар томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш, жумладан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар, шунингдек соҳадаги мавжуд муаммолари эшитилди.
Йиғилиш якуни билан, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш йўналишидаги мавжуд муаммо ва камчиликлардан келиб чиқиб, тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати