2021 йилнинг 9-10 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ж. Казбеков БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳадли конвенцияси томонлар конференциясининг 26-йиғилишида иштирок этди.
Йиғилиш доирасида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда Марказий Осиё павилионида «Ўзбекистоннинг яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясининг устувор вазифалари» номли яшил иқтисодиёт, яшил ўсиш тамойилларини жорий этиш, янги иш ўринларини яратишга бағишланган тадбир ташкил этилди.
Шу билан бирга, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда «Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш» номли тадбир ўтказилди ва унда халқаро иштирокчилар эътиборига Ўзбекистондаги экологик ва ижтимоий вазиятни яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, Орол денгизи қуриган тубини кўкаламзорлаштириш, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўтарилган ташаббуслар, хусусан, БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик траст жамғармасини ташкил этиш, БМТ Бош Aссамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси тўғрисида ахборот берилди.
Шунингдек, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи директори доктор Бруно Оберле билан учрашувда Иттифоқ ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ижобий динамикаси ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар ушбу ҳамкорликни атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги амалий ишлар ва ташаббуслар билан бойитиш мақсадида Давлат экология қўмитаси ва Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилишлари ва истагини билдирдилар.
Иттифоқнинг илмий ва амалий салоҳиятини Ўзбекистонда ва минтақада тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида доктор Б. Оберле Иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасини Тошкентда очилиши имкониятларига тўҳталиб ўтди.
Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) бош директори доктор Франк Рейсберман билан қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: ҳозирги вақтда Давлат экология қўмитаси ва GGGIнинг Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCA) томонидан молиялаштирилаётган Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудини Орол денгизи инқирозидан тиклаш бўйича умумий қиймати 5,65 миллион AҚШ долларига тенг бўлган яшил ҳаракатлар ва реабилитация бўйича қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Яқин вақтда Тошкент шаҳрида GGGI ваколатхонасининг расмий очилиш маросимини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди ва доктор Ф. Райсберман ушбу тадбирда шахсан иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати