Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғини асоссиз равишда ишдан олинганлиги юзасидан ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозлар юзасидан Давлат экология қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
2021 йил декабрь ойига қадар Давлат экология қўмитасига Тошкент вилояти бошқармаси фаолияти, шу жумладан собиқ бошқарма бошлиғи Б. Жўраевнинг фуқаролар мурожаатларига ҳаракатсизлиги билан боғлиқ эътироз ва шикоятларнинг келиб тушганлиги, ўз навбатида уларни ўрганиш мақсадида Қўмитанинг тегишли буйруғи асосида Махсус ишчи гуруҳ тузилиб, 2021 йил 9 декабрдан ҳозирги кунга қадар Тошкент вилояти экология бошқармаси ва Давлат экологик экспертизаси ДУКда 2019 – 2021 йиллар давомидаги фаолияти юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Дастлабки босқичда «Тошкент вилояти давлат экологик экспертизаси маркази» ДУК фаолияти текширилди.
Хизмат текшируви давомида, 2019 – 2021 йилларда давлат экологик экспертизасидан ўтказилган жами 81 та, шунда 23 таси I тоифа (юқори даражадаги хавфли) ва 58 таси II тоифага (ўрта даражадаги хавфли) мансуб фаолият турларини, биринчи навбатда объектнинг фаолияти натижасида турғун ва кўчма манбааларидан атмосфера ҳавосига ташланадиган ташланмалар миқдори ва таркибидаги зарарли моддалар, оқава сувлар миқдори ва таркибидаги зарарли моддалар, ҳосил бўладиган қурилиш, саноат ва маиший чиқиндилар миқдори, чиқиндилар зарарлилиги бўйича синфини пасайтириш ёки умуман кўрсатмаслик, иккинчидан, лойиҳа ҳужжатларига ижобий хулосаларни кафолатли бериш мақсадида III тоифа (паст даражадаги хавфли) сифатида пасайтирган ҳолда Тошкент вилоятидаги давлат унитар корхонасидан экспертизадан ўтказилганлиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарорига мувофиқ давлат экологик экспертизасидан ўтказиладиган атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг 4 та тоифасига мансуб 143 та фаолият турлари тасдиқланган.
Мазкур қарор талабларига асосан I (юқори даражадаги хавфли) ва II (ўрта даражадаги хавфли) тоифаларга мансуб фаолият турлари «Давлат экологик экспертизаси маркази» ДУК томонидан ўтказилса, III (паст даражадаги хавфли) ва IV (махаллий таъсир) тоифаларга мансуб фаолият турлари ҳудудий давлат экологик экспертизаси марказлари, яъни Тошкент вилоятидаги корхона томонидан ўтказилиши керак бўлган.
Бу билан текширув даврида давлат бюжетига солиқ тўловлари, қўмита таркибидаги экология жамғармасига атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳамда I ва II тоифага мансуб бўлган фаолият турларини қўмита таркибидаги «Давлат экологик экспертизаси маркази» ДУК томонидан экологик экспертизасидан ўтказиш учун белгиланган БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача бўлган тўловлар кўринишида 1,8 млрд сўм атрофида зарар етказилганлиги бўйича алоҳида ўрганиш ўтказилмоқда.
Юқорида баён этилган Қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, III тоифига мансуб фаолият турларини экологик экспертизадан ўтказиш муддати 10 календарь куни этиб белгиланган.
Бироқ, 2021 йил 10 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Gold Fish Group» МЧЖ вакили Н.М. ҳамда Олмалиқ туманидаги «Machine Technology Service» МЧЖ вакили В.Ш.ларнинг оғзаки мурожаатига асосан давлат экологик экспертизасидан ўтказиш учун 2021 йил сентябрь ойида топширган материаллари бўйича жорий йилнинг 10 декабрь куни, яъни 90 кундан ортиқ муддатга кечиктириб ҳамда номаълум сабабларга кўра экспертиза хулосалари берилмаётганлиги юзасидан асослантирилган эътирозлари маълум қилинди.
Шу билан бирга 2020 йилда юқорида баён этилган масалаларга оид мурожжатларга асосан Тошкент вилояти давлат экологик экспертизаси маркази» ДУК фаолияти юзасидан текширув ўтказилган бўлиб, корхона ҳодими И. З. томонидан ўзи 2020 йил 27 августга қадар раҳбарлик қилиб келган «Hi-Stream» МЧЖ ҳамда унинг укаси И. Ф. таъсисчи бўлган «Ecoinvent» МЧЖлар орқали буюртмачиларнинг экологик экспертизадан ўтказиш учун материалларини ишлаб чиқиб, мансаб лавозимидан фойдаланган ҳолда ушбу материалларга давлат экологик эксперти сифатида давлат экологик экспертизасидан ўтказганлиги аниқланган.
Қўмитанинг 2020 йил сентябрь ойидаги тақдимномасига асосан И. З.ни эгаллаб турган лавозимдан озод этиш талаб этилган бўлса-да, бугунги кунга қадар И. З. Тошкент вилояти давлат экологик экспертизаси марказида ўз фаолиятини давом эттираётганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, корхона собиқ раҳбари Ж. Б.га «Pure Environment» МЧЖ ҳамда 2021 йил давомида Тошкент вилояти туманларининг бирига инспекция бошлиғи лавозимига ишга қабул қилинган Ж. Ў.га «Eco Loyixa» МЧЖ ва «Proekt Eco Servis» МЧЖлар тегшили эканлиги ҳамда ушбу фирмалар орқали буюртмачиларнинг экспертизасидан ўтказиш учун материалларни ишлаб чиқиб, мансаб лавозимидан фойдаланган ҳолда ушбу материалларга вилоят бошқармаси ҳодимлари сифатида давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаларининг олинишида ёрдам берилганлиги аниқланди.
Бу билан, Ж. Б., И. З. ва Ж. Ў.лар Тошкент вилояти экология бошқармаси ҳодимлари бўла туриб, бир вақтнинг ўзида «Hi-Stream» МЧЖ, «Ecoinvent» МЧЖ, «Eco Loyixa» МЧЖ ва «Proekt Eco Servis» МЧЖ каби тадбиркорлик субъектларида раҳбар, таъсисчи ёки алоқадор шахс бўлишган ва бу билан Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги 103-сон қарори талабларини бузишган.
Айни дамда хизмат текшируви давом этмоқда. Батафсил маълумотлар қўшимча тарзда маълум қилинади.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати