Андижонда дарахтларнинг ноқонуний кесилиш ҳолатини атрофлича ўрганиш мақсадида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ишчи гуруҳи 16 январь куни воқеа жойига етиб борди.
Аввал хабар қилинганидек, вилоят Перинатал маркази ҳудудида янги барпо этилаётган объект олдидаги 12 туп элдор қарағайи дарахти амалдаги мораторий муддатсиз даврга узайтирилган бир пайтда ноқонуний равишда кесилган.
Қўмита ишчи гуруҳи юз берган ҳолатни яна бир бор чуқур ўрганиб, қонунда белгиланган тартибдаги барча амалларни, яъни суриштирув, ҳисоб-китоб ва ўлчов ишларини амалга оширди.
Ҳолатга гувоҳ бўлган шахслар ва бевосита ҳуқуқбузарликга алоқадор маъсул ходимлардан тушунтириш хатлари олинди.
Қўшимча равишда мутахассислар томонидан шу атрофда ўсиб турган 145 туп дарахт тўлиқ хатловдан ўтказилиб, Давлат экология қўмитаси томонидан алоҳида муҳофазага олинди ва ҳар бир дарахтга ёрлиқ бириктирилди.
Перинатал маркази раҳбариятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабига кўра, мазкур марказ эгалигида бўлган бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) ер участкаларини ободонлаштириш, мавжуд дарахтлар ва буталарни парвариш қилиш ҳамда суғориш ишларини амалга оширииш бўйича мажбурий кўрсатма киритилди.
Содир этилган ҳолат бўйича экология инспекторлари томонидан тўпланган барча ҳужжатлар Андижон вилояти прокуратурасига тақдим этилди.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати