Нуфузли институтнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси очилди
22.
02. 2022
15:39
5276
Тадбирлар

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Глобал яшил ўсиш институтининг (GGGI) Ўзбекистондаги ваколатхонасининг расмий очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Глобал яшил ўсиш институти бош директор ўринбосари Хелена Маклоид, институтнинг Осиё бўйича минтақавий директори Ачала Абейсингх, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, вазирликлар, идоралар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир Глобал яшил ўсиш институти Ассамблеяси Президенти Пан Ги Муннинг иштирокчиларга видеомурожаати билан бошланди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, Глобал яшил ўсиш институти халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, бош офиси Сеул шаҳрида (Жанубий Корея) жойлашган. Мазкур ташкилот 2012 йил 20 июнь куни Рио-де-Жанейрода (Бразилия) БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича конференцияси доирасида таъсис этилган. Ҳозирги кунда институт дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 54 та лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Институт президенти ва Кенгаш раиси БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ҳисобланади.

Ташкилотнинг мақсади – иқлим ўзгариши шароитларида тараққий этган ҳамда бозор иқтисодиётини танлаган мамлакатларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш йўли орқали барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш ҳисобланади.

Ушбу нуфузли тадбирда Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов маъруза қилиб, Глобал яшил ўсиш институти билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳит муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларда катта ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

2022 йилда Давлат экология қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга йўналтирилган ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширишни бошлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,65 млн АҚШ долларига тенг.

Мазкур лойиҳа Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг мақсади – Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг яшил реабилитациясига кўмаклашиш, шунингдек, барқарор ҳаётий таъминот ҳамда табиий хавфларга барқарорликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашдир.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Глобал яшил ўсиш институти МДҲ, шу жумладан Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи офис ҳисобланади.

Тадбир давомида Глобал яшил ўсиш институти ҳамда Барқарор ривожланиш бўйича Давлатлараро комиссияси ўртасида Орол денгизи хавзаси учун муҳим ҳисобланган яшил ўсиш ва иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

Давлат экология қўмитаси

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар