Давлат экология қўмитасида учрашув
28.
03. 2022
12:06
4541
Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов ва    SymbioSwiss компанияси (Швейцария)нинг ижрочи раиси К.Бегле ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов меҳмонларни самимий қутлаб, ушбу учрашув ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

SymbioSwiss компанияси ижрочи раиси К.Бегле Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини, хусусан, Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми юксак савияда ташкил этилганини мамнуният билан қайд этди.

Учрашувда Давлат экология қўмитаси ва SymbioSwiss компанияси ўртасида ҳамкорликни самарли йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳамкорлик жараёнида Швейцария компанияси арзон, экологик тоза сувни тозалашнинг энг янги технологияларини тақдим этиш бўйича ўз таклифларини берди.

Қайд этилишича, ушбу технологиялар электролиз орқали сувни 99,99% гача вируслардан, шу жумладан COVID-19, бактериялар ва бошқалардан тозалайди, улардан фойдаланиш учун фақат сув, туз ва электр энергияси керак бўлади. Маҳсулот кимёвий ишловдан кўра арзонроқ ва экологик тозалиги билан муҳим аҳамиятга эга. Ускуналардан шифохоналар, мактаблар, болалар боғчалари ва меҳмонхоналар каби ижтимоий объектларда айниқса, самарали фойдаланиш имконияти мавжуд.
Швейцария томони ушбу технологияларни жорий этиш учун 10 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам ўз таклифини берди.

Давлат экология қўмитаси раси Н. Обломурадов билдирилган таклифлар учун миннатдорлик билдириб, лойиҳани амалга оширишда ҳамкорлик қилиш имкониятларини белгиланган тартибда келгусида кўриб чиқилишини қайд этди.

Шу билан бирга, республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари, хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо, Соғлиқни сақлаш, Инновацион ривожланиш, Сув хўжалиги ва бошқа вазирликлар билан ҳам ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни давом эттиришга ишонч билдирдилар.

Фойдали манбалар