Ёмғирларда бордир барака
29.
03. 2022
17:34
4540
Янгиликлар

     Маълумотларга кўра, 1870 йилдан метеорологик кузатувлар бошланган ва мана 152 йилдирки, бу жараён давом этмоқда. Айтиш лозим, мамлакатимизда ҳам гидрометеорлогия хизмати фаолияти самарали йўлга қўйилган бўлиб, доимий равишда зарур маълумотлар тақдим қилиниб келинмоқда.
     Республика гидрометеорология маркази маълумотларига кўра, бу йил март ойида сурункали ёғингарчиликлар бўлиши ҳисобига юртимизнинг чўл ҳудудларида ёғингарчилик  (Жиззах,           Бухоро, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида)  120 мм дан, Тошкент ҳудудида 168 ммдан ортгани кузатилган. Мутахассисларнинг маълум қилишича, бундай ҳолат яқин йилларда рўй бермаган. Масалан, март ойидаги ёғин миқдори  охирги 100 йилликни олиб кўрадиган бўлсак, 1969 йилдагина шундай юқори кўрсаткич қайд қилинган, яъни 184 мм га етган.
     Ушбу жараённи яқин йиллардаги ҳолат билан таққосласак  ҳам кўп нарса ойдинлашади. Дейлик, 2019 йилда ёғингарчилик март ойи давомида  50 мм, 2020 йилда 24 мм, 2021 йилда 91 мм ни ташкил этган бўлиб, 2022 йил март ойида юқорида айтганимиздек, 168 мм дан ортиб кетди. Бу айниқса, пойтахтимизда баҳор мавсуми бошидаги ой учун кузатувлар тарихидаги ёғин миқдорининг узоқ ва яқин тарихдаги 3 йиллик  динамикасида юқори кўрсаткичдир.


     Таҳлиллардан кўриниб турибдики, кейинги йилларда табиатда меъёрдан ортиқча ёғингарчилик кузатилган ва бу айтиш керакки, атроф-муҳитнинг тикланиши учун муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, ўтган йиллар давомида ёғингарчиликни кутиб, қум ва тузли чанг кўчишидан қақраган чўл ва дашт ҳудудлар бу йилги март ойидаги ёғингарчиликлар туфайли яшил майсалар ва ўсимликлар билан қопланди. Яна бир эътиборли жиҳати, кўп йиллар давомида тупроқ қатламига йиғилган захира ҳолатдаги ўсимлик уруғлари униб чиқиб, борлиққа баҳор тароватини намоён қилмоқда. Масалан, Оролнинг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида, Бухоро вилоятининг Учқур, Газли, Қоровулбозор, Навбаҳор, Пешку чўлларида кўп йилдан буён чўлланишга юз тутган ер майдонлари яшилликка юз тутди.
     Дарҳақиқат, бу ёғингарчиликлар сабаб тупроқ намликка тўйинди. Ҳудудларда пайдо бўлаётган табиий яшиллик биринчи навбатда, чанг-тўзонларнинг ҳосил бўлиши, қумларнинг кўчиши каби салбий экологик омилларнинг олдини олишга хизмат қилади.
     Иккинчидан, ёғингарчиликнинг кўплиги ҳисобига бу йил ўсимликлар қоплами қалин бўлади. Бу эса чорва молларининг тўйиб овқатланиши ва семириши ҳисобига юртимиз бозорларида гўшт ва сут маҳсулотларининг мўл бўлишига олиб келади.
Хизмат сафари билан Пешку чўлларида бўлиб, қўй-қўзиларини боқиб юрган чўпонлар билан суҳбатлашганимизда улар ҳам бу йилги баҳорги ёғингарчиликлардан хурсанд эканлигини айтишди. 
     Бу ёғингарчиликлар сабаб, тупроқ намликка тўйинди, — дейди улардан бири. — Албатта бу билан йил январь-февраль ойларида йилнинг қурғоқчил келиши билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлган қўрқув ва ҳадик ҳам йўқолди. Биз учун дашт ўтларининг зич ва бўйдор бўлиши ўта муҳим. Чунки чорва ўт-хашак билан тирик. Қир-адирларда ўт-ўланларнинг сероб бўлиши билан чўпон-чўлиқларнинг чорваси учун ўз-ўзидан озуқа кўпаяди. Бу йилги ижобий натижаларимизни юртимиз бозорларида гўшт ва сут маҳсулотларининг мўл бўлиши билан баҳолаймиз.     
Жиззах вилоятининг Фориш, Зомин, Ғаллаорол каби туманларида яшовчи юртдошларимизнинг ҳам кайфияти баланд. Улар лалмикор яйлов ерларида жорий йилда ҳосилдорликнинг ортишини, бу эса халқнинг ризқ-рўзи эканлигини мамнуният билан айтишмоқда.
     Ёғингарчиликлар миқдорининг кўплиги Оролбўйи минтақасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида илмий ёндошув билан амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам ижобий таъсирини кўрсатади.
    Жорий йилнинг февраль-март ойларидаги сурункали ёмғирлар сабабли чўл минтақаларида шўр ва сувсизликка чидамли бўлган галофит ўсимликларнинг (қизил шўра, қорабуроқ ва бошқа 50 дан ошиқ турдаги ўсимликлар) униши ва ўсиш жараёнларини тезлаштириб, яшил қоплама зичлигининг ортиши рўй бераётганлигини кўриш мумкин.
Маълумки, юртимизда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш тизими сув омборлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Март ойида бўлиб ўтган ёғингарчиликлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги сув омборларида каттагина миқдорда сув тўпланишига замин яратди.
    Албатта, юртдошларимизнинг бундай қулай об-ҳаводан қувониши бежиз эмас. Чунки, бу мўл-кўлчиликдан бир дарак бўлиб, деҳқончилик, ўрмончилик, чорвачилик, асаларичилик ва бошқа соҳаларнинг ривожига ҳам сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.
                                             

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар