Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади
18.
05. 2022
10:12
3466
Янгиликлар

     2022 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатларнинг атроф-муҳит масалалари бўйича масъул вазирлик ва идоралари раҳбарларининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтади.

   ШҲТга аъзо саккиз давлатнинг юқори мартабали делегациялари ва экспертлари Ташкилот котибияти вакиллари иштирокида замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини муҳокама қилади.

    Тадбир Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасида ўтказилмоқда.

   Ҳозирги вақтда иқлим ўзгариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқолиши, ерларнинг таназзулга учраши ва сув ресурсларининг камайиши каби глобал экологик муаммолар кўплаб мамлакатлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу муаммолар Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган ва 3,2 миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ШҲТнинг улкан ҳудудига ҳам хосдир.

    Бу борада ШҲТга аъзо давлатлар бош экологларининг Тошкент йиғилиши ҳам дунё жамоатчилигининг катта эътиборни тортмоқда. Зеро, ушбу йиғилиш мазкур ташкилотнинг экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича таҳдидларга биргаликда қарши курашиш бўйича ҳамкорликни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг мантиқий давоми сифатида бўй кўрсатиши кутилмоқда.

    ШҲТ бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланишни рағбатлантириш соҳасида кун тартибини шакллантириш сари изчил ва мақсадли ҳаракат қилмоқда. Ташкилотнинг бу йўналишдаги биринчи ҳужжати Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик концепциясини тасдиқлаш бўлди. Мазкур ҳужжатни амалга ошириш мақсадида 2022-2024 йилларга мўлжалланган Концепцияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси қабул қилинди ва амалга оширилмоқда, ушбу ҳужжат 2020 йил 17 сентябрь куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида маъқулланди.

  Тошкент учрашувида томонлар атроф-муҳит мониторинги, биохилма-хиллик, табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, илмий-техникавий ҳамкорлик, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш ва салоҳиятни ошириш каби долзарб йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашадилар.

  Вазирлар учрашуви якунлари бўйича ташкилот доирасида ШҲТнинг Aтроф-муҳитга оид маълумотлар алмашинуви платформасини биргаликда яратиш дастури тасдиқланиши кутилмоқда.

Фойдали манбалар