Жорий йилнинг 15-17 июль кунлари Бухорода Давлат экология қўмитаси томонидан Қўмита ва ҳудудий бошқармаларда, тизимдаги ташкилотларда фаолият юритаётган ёш мутахассислар учун Республика илмий-амалий семинари ташкил этилди.
Дастлаб Бухоро вилояти Ёшлар уйида бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда амалга оширилган ишлар бўйича амалий семинар бўлиб ўтди. Семинарда Жайрон ихтисослаштирилган питомниги директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, ёшлар клуби аъзоси Д.Турсунов питомникда амалга оширилаётган ишлар билан иштирокчиларни таништириб, тақдимотлар орқали кенг маълумотлар берди.
Семинар давомида Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти таянч докторанти Ж.Мусирмонов "Атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш" мавзусидаги тақдимоти билан иштирокчиларни таништирди.
Тақдимотда ҳозирги кунда ишлаб чиқариш корхоналарида оқова сувларни тозалаш бўйича долзарб бўлиб келаётган масалаларнинг ечимига қаратилган илмий-амалий ёндашувлар ҳақида маълумот берилди.
Семинарда ёш мутахассислар Бухоро давлат университетида экология йўналишида таҳсил олаётган талабаларга ўзларининг фаолиятлари ҳақида сўзлаб бердилар. Ўз навбатида, талаба-ёшлар ҳам ўз қизиқишлари ҳақида сўзлаб, келгусида режалаштирган иш фаолиятлари бўйича ўртоқлашдилар.
Семинар якунида талабаларга Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва эсдалик совғалар топширилди.
Семинар давомида иштирокчилар Бухоро вилояти Экология бошқармаси лабораторияси фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Айтиш лозим, Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Давлат экология қўмитаси томондан ҳудудий Экология бошқармаларининг таҳлилий лабораторияларини замонавий ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Республикада биринчилардан бўлиб Бухоро вилояти Экология бошқармасига ҳам 10 турдаги юқори аниқликда ишловчи ускуналар олиб келинди. Ушбу ускуналар ёрдамида Бухоро ҳудудида ҳаво чангланиши, сувда шўрланиш даражаси, ерларнинг табиий ҳолати бир сўз билан айтганда экологик ўзгаришлар билан боғлиқ барча жараёнларни назорат ва таҳлил қилиш мумкин.
Семинар иштирокчилари Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Ушбу питомник 1977 йилда ташкил топган бўлиб, Қизилқум чўлининг жануби-ғарбида, Бухоро шаҳридан 42 км масофада жойлашган. Майдони – 16, 5 минг гектар бўлиб, фаолияти жайронларнинг йўқолиб бораётган ноёб турларини кўпайтиришга йўналтирилган. Бундан ташқари, қўриқхона ҳудудида жониворлар ва ўсимликларнинг бошқа турлари ҳам мавжуд, улар орасида Ўзбекистоннинг Қизил китоби ва Халқаро Қизил китобга киритилганлари ҳам бор.
Кейинги вақтларда питомникка 2 бош Африка туяқуши олиб келиниб, махсус волерга жойлаштирилди. Эндиликда питомникка ташриф буюрувчиларга ушбу туяқушларни яқиндан таништириш имконияти мавжуд.
Амалий тарзда берилган маълумотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг ушбу питомник ҳақидаги тушунча ва тасаввурларини янада бойитди.
Семинар дастуридан иштирокчиларни вилоятдаги муққадас тарихий қадамжолар ва обидалар билан яқиндан таништириш ҳам ўрин олган бўлиб, шунга кўра иккинчи кунда қатнашчилар “Етти пир” зиёратгоҳларини зиёрат қилишди.
Иштирокчиларга зиёрат давомида ушбу зиёратгоҳлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Давлат экология қўмитаси ва қўмита тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассисларидан иборат Республика илмий-амалий семинари қатнашчилари Ромитан тумани Марказий истироҳат боғида ҳам бўлишди.
Бу ерда улар ушбу боғда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаёган ишлар билан танишишди. Хусусан, экилган дарахт кўчатларини суғориш ва парваришлари ишлари ҳақида маълумотлар берилди.
Семинар иштирокчилари шунингдек, Бухоро шаҳридаги Арк қўрғони, Пойи калон, Масжиди Калон, Лаби ҳовуз мажмуаларини томоша қилишди.
Шунинг билан семинар ўз ишини якунлади.