Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда “Яшил боғлар” ва “Яшил жамоат парклари”ни барпо этиш назарда тутилган.
26.
10. 2022
23:00
2958
Янгиликлар

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 27 сентябрдаги 529-сон қарори билан бу борада амалга ошириладиган ишларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Давлат экология қўмитаси раиси Н. Обломурадов бугун Чирчиқ шаҳрида “Яшил боғ” учун ажратилган ҳудудда бўлиб, ушбу боғнинг лойиҳаси билан яқиндан танишди. 

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида дарахтзор ва бутазорлар барпо этиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, парвариш қилиш, муҳофаза қилишда “Яшил боғлар”ни ташкил қилиш ҳам муҳим ҳисобланади. Чирчиқ шаҳридаги “Адолат” маҳалласи ҳудудидаги 1 гектар ер майдонида барпо этилаётган мазкур боғга 400 туп манзарали кўчат ва буталар экилиши режалаштирилган. 

Қўмита раиси лойиҳани янада такомиллаштириш орқали келгусида ушбу боғнинг яшил ҳудудга айланишини таъминлаш, танланган майдоннинг тупроқ унумдорлигини ошириш, суғориш тизимларини яратиш,  йўлакларни сифатли барпо қилиш каби масалалар бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг маҳалла фаоллари, ободонлаштириш ходимлари билан амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад юртимизда яшил ҳудудларни кўпайтириш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш эканлиги бўйича мулоқот ўтказиб, боғга яхши ниятлар билан кўчат ўтқазди.

“Долзарб 40 кунлик” доирасида маҳалла ҳудудига 100 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар