Парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди
18.
11. 2022
14:17
4120
Янгиликлар

Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Ҳукумат томонидан берилган маълумотга кўра, сўровда кўтарилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Сенат ишчи гуруҳи тузилиб, ҳолат ўрганилган.

Ўрганиш жараёнида сув ҳавзаларида лицензия асосида қум-шағал қазиб олаётган 94 та тадбиркорлик субъектидан 12 тасида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартиби, 25 тасида лицензия шартлари бузилганлиги аниқланган.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва норуда қазилмаларни қазиб олишни назорат қилишдаги асосий камчиликлар тегишли ташкилотлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари билан боғлиқ бўлса-да, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ишлари талаб даражасида амалга оширилмаган. Лицензия ва шартнома асосида қазиш ишларини айрим мутахассис бўлмаган ходимлар олиб бормоқда. Оқибатда дарё ўзанлари тиклаб бўлмас ҳолатга келишига ва уларнинг йўналиши ўзгаришига таъсир қилмоқда.

Қум-шағал маҳсулотлари саноат усулида қазиб олиниши дарё қирғоқлари кенглигининг беш юз метрдан ортиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, дарё ўзанлари белгиланган чуқурликлардан пастга тушиб кетаётганлиги натижасида ер ости чучук сувлари ифлосланиб, сув сатҳи пасайиб кетмоқда.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия ёки шартнома муддати тугагандан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартиби жорий этилмаган.
Шунингдек, кон ишлари якунлангандан сўнг бузилган ер майдонларини рекультивация қилиш ва давлат заҳирасига қайтариш бўйича талабни бажармаган субъектларга нисбатан қонунчиликда таъсир чоралари мавжуд эмас. Бу ўз навбатида дарё ўзанлари тартибга келтирилмай, унинг қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари бажарилмай ташлаб кетилишига, тадбиркорлик субъектларига берилган лицензия билан кенг ҳудуд бириктирилганлиги оқибатида дарёлар қирғоқларидан қазиш ишлари ўтказилиши ва уларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Сенаторлар муҳокамалар давомида тегишли ташкилотлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларидаги камчиликлар, тизимли муаммоларнинг сақланиб қолаётгани, қум-шағалларнинг ноқонуний қазиб олиниши натижасида табиатга етказилган зарар миқдорини ҳисоб-китоб қилиш механизми мавжуд эмаслигини таъкидлаб, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқ оқибатида кўрилаётган таъсир чоралари самараси сезилмаётганини алоҳида қайд этдилар.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати 

Фойдали манбалар