Зомин туманининг "Туркман" қишлоғи ўзининг  баҳавоси ва гўзал  табиат манзараси билан кўпчиликнинг диққатини тортади.  Бу ерда асрлар силсиласидан  ўтган 37 туп тут дарахти мавжуд бўлиб, уларнинг 9 таси 500, 28 таси эса 200 ёшга киргани тахмин қилинади. Ушбу дарахтларни ким экканлиги тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ, лекин улар ҳозирда қишлоқ аҳолисининг фахрига айланган.
24.
11. 2022
19:55
3621
Янгиликлар

Тилга кирса боботарихдан сўзлагувчи ушбу дарахтлар жойлашган ҳудудда бугун тадбир ташкил қилинди. Унда  Жиззах вилояти Экология бошқармаси ходимлари, Ўзбекистон Экологик партиясининг Жиззах вилояти кенгаши аъзолари, қишлоқнинг ёши улуғ нуроний отахонлари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.  

Семинарда дастлаб 100 ёшдан ошган дарахтларни хатловдан ўтказиш ва муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида йиғилганларга маълумот берилди.

Қайд этилишича, Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан амалга оширилган 100 ёшдан ошган дарахтларнинг хатлови жараёнида Жиззах вилоятида 112 туп шундай  ёши катта дарахтлар борлиги аниқланди. Уларнинг 82 тупи тут, 23 тупи ёнғоқ, 4 тупи чинор, 2 тупи тол ва 1 тупи биота бўлиб, тегишли маҳаллий  ҳокимияти давлат органларининг қарорлари билан давлат табиат ёдгорлиги деб эълон қилинган.

Семинар давомида ёши улуғ кексаларнинг ушбу дарахтлар тарихи билан боғлиқ фикр-мулоҳазалари тингланди.

Унинг якунида ҳудудга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари экилди.

Жиззах вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар