Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди
30.
11. 2022
12:53
5077
Янгиликлар

Бугун Давлат экология қўмитаси, БМТ Тараққиёт Дастури ва Глобал экологик фонд (GEF) томонидан ҳамкорликда молиялаштирилаётган “Орол денгизи ҳавзаси ландшафтининг таназзул ерларида барқарор ҳаётни таъминлашни қўллаб-қувватлайдиган асос сифатида кўллар, сув-ботқоқ ерлари ва қирғоқбўйи ҳудудларини сақлаш ҳамда бошқариш” лойиҳаси масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда Давлат экология қўмитаси халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бу боради истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда. 4 миллион долларни ташкил этадиган ушбу лойиҳа Оролбўйи минтақаси кўллари, сув-ботқоқ ҳудудларини сақлаш ва барқарор бошқариш бўйича олиб бориладиган амалий ишларни қамраб олади.

Сув-ботқоқ ҳудудлари жаҳондаги биологик хилма-хиллик ва энг қимматли экотизимлардан биридир. Бугунги кунда Орол денгизи ҳавзасида ҳам  кўллар, ботқоқ ҳудудлар ва қирғоқ экотизимлари сақланиб келмоқда. Кўчманчи қушларнинг жуда кўп турлари учун Ўзбекистон жуда муҳим учиш йўлида жойлашган. Масалан, Судочье, Денгизкўл, Aйдар-Aрнасой кўллар тизими қишловчи-кўчманчи қушнинг асосий уялаш маконлари ҳисобланади. 

Лойиҳанинг мақсади – муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни (МТҲ), асосий биологик хилма-хиллик ҳудудлари ва асосий орнитологик ҳудудлар (AОҲ) атрофидаги маҳсулдор ландшафтларни ер ва сув ресурсларини комплекс бошқариш билан биргаликда тупроқ деградациясининг олдини олиш орқали Қуйи Aмударё ва Орол денгизи ҳавзаси ҳудудида экотизимлар барқарорлигини ва ҳаёт фаолиятини оширишдан иборатдир.

Лойиҳанинг мақсадли ҳудуди Ўзбекистоннинг жанубий ва жануби-ғарбида жойлашган Aмударёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи ҳавзаси ҳисобланади. Бу ҳудуд маъмурий жиҳатдан Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл туманлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Aмударё ва Мўйноқ туманларини ўз ичига олади.

Лойиҳанинг мақсадли ҳудудларида  табиий экотизимларнинг кўпчилиги, яъни ботқоқ ҳудудлар, кўллар Aмударё ҳавзасининг қирғоқбўйи майдонлари жойлашган. Бундан ташқари, бу ҳудудларда деградацияга энг кўп учраган яйловлар ва суғориладиган майдонлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти шўрланишга мойил.

Лойиҳа фаолияти ушбу қурғоқчил ландшафтдаги кўллар, ботқоқ ерлар ва қирғоқ биохилма-хиллигининг қисқариши ва йўқолиши билан бевосита боғлиқ бўлган ерларнинг деградацияси, сув танқислиги ва биологик хилма-хилликнинг йўқолишига олиб келувчи омилларни бартараф этишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида умумий майдони 3 миллион гектардан ортиқ бўлган Жанубий Устюрт, Белтау, Судочье кўллари тизими, Оқдарё-Қозоғдарё оралиғи ва Aкпетки қўриқхоналари сингари бешта янги муҳофаза этиладиган  табиий ҳудудларни ривожлантириш кутилмоқда.
Бу ҳудудларнинг барчаси ушбу минтақада жойлашган  қушлар яшайдиган ҳудудларини тўлиқ ёки қисман қамраб олади.

Лойиҳа мақсадларига эришиш учун тўртта асосий фаолият йўналишлари белгиланди:
• Тупроқ деградациясининг олдини олиш учун сув ресурсларини мувофиқлаштирилган тарзда бошқариш;
• Мақсадли ландшафтда ер ресурсларини барқарор бошқариш;
• Орол денгизи ҳавзасининг глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллигини сақлаб қолиш;
• Халқаро ҳамкорлик ва билимларни бошқариш.

Йиғилишда мазкур лойиҳа юзасидан амалга ошириладиган галдаги вазифалар белгилаб олинди. Қайд этилишича, лойиҳани амалга ошириш гуруҳи Давлат экология қўмитасининг Атроф-муҳит лойиҳалари марказида фаолият олиб боради.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмат

Фойдали манбалар