Ғалладан бўшаган майдонларни ёққан шахслар жаримага тортилади
16.
06. 2020
15:42
5380
Янгиликлар

Мутахассислар огоҳлантиради

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилояти миришкор деҳқонлари ҳам туну кун тиним билмай ғалладан юқори ҳосил йиғиштириб олиш учун тер тўкмоқда.

Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ғалладан бўшаган ер майдонларида сомон поялари ёқиб юборилишининг олдини олиш мақсадида тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Маълумки, бошоқли дон экинидан бўшаган бир гектар ер майдонида ёнғиннинг содир этилиши атмосфера ҳавосига ўрта ҳисобда 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксидлари гази ташланишига олиб келади. Шунингдек, тупроқ таркиби бузилиши, таркибидаги органик моддаларнинг кескин камайиши, турли хилдаги тирик организмларнинг қирилиши, эрозиянинг кучайишига ва ҳосилдорлик камайишига сабаб бўлади.

Ўтган йили жойларда бу каби бир неча нохуш ҳолатлар қайд этилган. Асосий сабаби аҳоли ва фермер хўжаликларининг лоқайдлигидир. Ўзбекистон Республикаси «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг тегишли моддалари талаблари ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги «2019 йил бошоқли дон экинлари ҳосилини йиғиштириб олиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят миқиёсида жами 2 минг 385 та фермер хўжалигидан 1 минг 400 га яқинига сомон поялари ёқилиши олдини олиш бўйича огоҳлантириш берилган ва тарғибот ишлари олиб борилган.

Шунга қарамасдан 2019 йили бу салбий ҳолатлар 125 та ҳудудда кузатилган бўлиб, жами 260 гектар ер майдони ёндирилган. Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини содир этган 78 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жами 45 миллион 561 минг сўмлик жарималар қўлланилган.

Юқорида келтирилган нохуш оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан бу йил ҳам вилоят ҳудудида кенг миқёсда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
 

Акмал Ҳайдаров,
Тошкент вилояти Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси

Манба: http://uza.uz/oz/society/allada1n-b-shagan-maydonlarni-...

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар