Фарғона вилояти. Афсонавий писта дарахти.
16.
07. 2020
11:34
7492
Янгиликлар

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани «Нурсуқ» қишлоғидаги 1200 йил олдин пайдо бўлган, майдони 50 га. дан ошиқ қадимги Хўжа писта қабристони бор. Мазкур қабристоннинг тепа қисмидаги мақбара ёнида ҳар йили 2 хил мева тугадиган афсонавий писта дарахти мавжуд.

Ривоят қилишларича, Хўжа писта қабристонида минг ёшли манзарали дарахт бўлган. Табиий офат яъни, чақмоқ уриши оқибатида минг ёшли дарахт ёниб, ёнғиндан сўнг дарахт тагидан бир ниҳол ўсиб чиқиб, писта мева қила бошлайди. Ҳозирда ушбу писта дарахти икки юз ёшда бўлиб, унинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, ушбу дарахт икки хил мева тугади, яъни, бир йили писта, бир йили ёнғоқ меваси тугади. Сабаби ёнғинга қадар икки авлиёнинг писта ва ёнғоқ дарахтидан ясалган хассалари бир жойда сақланиши натижасидир.

Афсонавий писта дарахтнинг барглари япалоқ, узунчоқсимон бўлиб, кўпроқ ёнғоқ дарахти баргига ўхшаб кетади, бўйи 2-3 метр, бутасимон, томиридан бир нечта шохчалар хосил қилиб, энига шохлаб кетган. Ажабналарли томони шундаки, дарахтнинг илдизи 10-15 метргача бўлиб, кўпроқ ёмғир суви ҳамда ер ости сувлари орқали табиий суғорилади. Фарғона набодотининг дурдонаси бўлмиш ушбу дарахт ўз тури бўйича ягона саналади. Икки юз ёшли писта дарахтини ёнида ўша даврдан буён зирк дарахти ҳам ёнма-ён ўсиб турибди.

Хўжа писта бобо қабристони мақбараси ҳамда мазкур афсонавий писта дарахти орқали маҳаллий туристик марказ сифатида зиёратчиларни ўзига жалб этади. Бу ерга кўплаб бошқа вилоятлардан саёҳатчилар ҳамда маҳаллий аҳоли зиёратгоҳ сифатида йил давомида, айниқса, эрта баҳор-писта гуллаган пайтда зиёрат қилгани ташриф буюришади.

Ҳозирги кунда, писта дарахти Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан муҳофаза қилинадиган ўсимликлар рўйхатига киритилиб, асраб келинмоқда.


 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар