Коврак ўғрилари қўлга олинди
22.
07. 2020
12:03
9677
Эконадзор

Коврак зирадошлар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, унинг ер юзида 170 дан зиёд тури мавжуд. Ўрта Осиёда 110 дан ортиқ, мамлакатимизда эса 50 тури учрайди.

Смола-елим олиш учун асосан 10 тури ишлатилади. Булар сассиқ коврак, Кўҳистон ковраги ва бошқа номдаги ковраклардир. Бу турлар ташқи марфологик жиҳатдан бир-бирларига жуда ҳам ўхшаб кетади, аммо табиатда сассиқ коврак (Ferula assa-foetida L.) кенг тарқалган бўлиб, елим-смола асосан шу турдан олинади.

Коврак елими табобатда баъзи асаб касалликларида талвасага қарши восита тариқасида, шунингдек, гижжа ҳайдайдиган дори сифатида қадимдан ишлатиб келинган. Бронхиал астма, сариқ касаллиги, кўк йўтал, сил, захмда фойдаланилади. Шунингдек, у диабетга қарши, қон тўхтатадиган, ўт ҳайдайдиган восита сифатида буюрилади. Хуллас коврак ўсимлигининг халқ табобатида ҳам замонавий тиббиётда ҳам қўлланиладиган фойдали жиҳатлари бисёр. Шундай бўлгач табиийки уни изловчиларнинг ҳам, шафқатсизларча ковлаб олиш илинжида юрувчиларнинг ҳам сони ортиши тайин.

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси давлат инспекторларининг  Деҳқонобод тумани Тарқапчиғай маҳалла фуқаролар йиғини Бўзтепа қишлоғида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг табиий ҳолда ўсувчи коврак ўсимликларини ноқонуний равишда кавлаши ва уларга Деҳқонобод Давлат ўрмон хўжалиги билан шартнома асосида коврак экиш учун олган ерлари тортиб олинганлиги ва бошқа ҳолатлардан норози бўлиб қилган мурожаати жойига чиқиб ваколат доирасида тегишлича ўрганилди.

Бошқарма томонидан бизга тақдим этилган маълумотларга кўра, ўрганишлар давомида Бўзтепа қишлоғининг юқори қисми тоғли ўрмон билан қопланган ўрмон хўжалигининг Оқбош ўрмон бўлими 6-сарҳадида фуқаролар Деҳқонобод тумани «Бибиқорасоч» МФЙ, Қум қишлоқда яшовчи И.Ш., «Бўстон» МФЙда яшовчи А.Ғ. ва Айридевор МФЙда яшовчи Ю.Б.лар «Наргиз-Сарвар» хусусий корхонаси ва «Исо Муҳаммад Нур» МЧЖ томонидан коврак қазиётган шахсларнинг буюмларига қоровуллик қилаётганини билдирган.

Аммо «Қоровуллар»нинг ўзи иштирокида қазиб олинган барглари кесиб ташланган коврак ўсимлиги саноқдан ўтказилганда 6 минг 202 туп Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган Тожик коврак ўсимликлари эканлиги аниқланган.

Фуқаро Ш.И. аввал ҳам ноқонуний равишда коврак шира смоласини олиш билан шуғулланиш оқибатлари тўғрисида огоҳлантирилган бўлишига қарамай ноқонуний фаолиятни давом эттириб келган.

Ўрганиш давомида 5 та қўлбола ясалган коврак қазиш мосламаси ҳакоп ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Бундан ташқари, ушбу ҳудуд яъни ўрмон хўжалигининг Оқбош ўрмон бўлими 6-сарҳади маҳаллий номи «Чўчқабулоқ», «Кўккам», «Зоғзали» массивларида ноқонуний равишда кесиб, ковлаб нобуд қилинган Тожик коврак ўсимликлари саноқдан ўтказилганда 7 минг 857 туп эканлиги аниқланган.

Ўрганиш давомида Бўзтепа қишлоғида яшовчи П.Х.га Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги билан тузилган 28.12.2015 йилдаги амал қилиш муддати 28.12.2022 йилгача бўлган шартнома асосида коврак экиб етиштираётган ер майдонида Бибиқорасоч ҚФЙда яшовчи фуқаро Ғ.Й. Рашид ўғли ноқонуний равишда коврак ўсимликларини кесиб шира смоласи олишга тайёрлаётганлиги аниқланиб, 3000 туп Тожик коврак қазиб ташланганлиги ҳолати тегишлича ҳужжатлаштирилган.

Оқбош ўрмон бўлими 6-сарҳади маҳаллий номи «Кўккам» массивида фуқаро Норпўлатов Абдумалик билан ўрмон хўжалиги ўртасида коврак экиб етиштириш бўйича шартнома тузилган ер майдонида «Pinnacle Worldwide Exim» МЧЖ томонидан Тожик коврак ўсимликлари ноқонуний равишда ковлаб қазиб ташланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган назорат рейдлар давомида ўзларини «Наргиз-Сарвар» хусусий корхонаси ва «Исо Муҳаммад Нур» МЧЖ ишчиси ёки қоровуллари деб таништирган бир гуруҳ шахсларга такрорий равишда огоҳлантирилсада ҳолат жойидан чиқиб кетмаган.

Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигининг Оқбош ўрмон бўлими жами ер майдони 15 минг 728 бўлиб, 6-сарҳад 3 минг 414 гектардан 1 минг 784 гектар ер майдони коврак экиб етиштириш учун Бўзтепа қишлоқ фуқаролари ва бошқа жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида берилган.

Ўрмон хўжалигининг ўрмон билан қопланган ер майдонида ноқонуний равишда коврак шира смоласи олиш фаолияти билан шуғулланаётган бир гуруҳ шахслар бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50, 55-моддалари, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунларда белгилаб қўйилган талабларни қўпол равишда бузган.

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган тожик коврак ўсимликларини ноқонуний равишда, рухсатномасиз қазиб нобуд қилиш оқибатида қонунбузарлар 14 минг 59 туп ноёб ўсимликни пайҳон қилган.

Ушбу ҳатти-ҳаракати билан жиноятчилар давлатга, табиатга ҳаммаси бўлиб 1 миллиард 567 миллион 578 минг 500 сўм зарар етказган.

– Табиатга қилинган бундай шафқатсизликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, – дейди Бошқарма давлат инспекторларидан бири Шерзод Саломов. – Деҳқонобод тумани чегараолди ҳудуди Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалигининг Оқбош ўрмон бўлимидаги ўрмон фонди ерларида 100 дан ошиқ фуқароларнинг қонуний тартибдаги шартномаси асосида коврак экиб етиштириш учун ажратиб олган ер майдонларида табиий ҳолда ўсувчи коврак ўсимликларини шира смоласини олиш билан ноқонуний равишда шуғулланаётган «Pinnacle World wide Exim» МЧЖ, «Наргиз-Сарвар» хусусий корхонаси ва «Исо Муҳаммад Нур» МЧЖ фаолияти билан боғлиқ ҳолатларга прокуратура тартибида ҳуқуқий баҳо бериш лозим деб ўйлайман. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуни 47, 51-моддаларига асосан Давлат мулкига 1 567 578 500 (бир миллиард беш юз олтмиш етти миллион беш юз етмиш саккиз минг беш юз) сўмни қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат фойдасига ундириб олиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Табиатнинг бир бўлаги бўлган ўсимлик дунёсини қирилиб кетишига сабабчи бўлаётган ва ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган бу кимсалар наҳот қилаётган ишлари кечириб бўлмас жиноят эканлигини англаб етмаса. Масъул ташкилотлар неча бора такрор-такрор огоҳлантиришига қарамай ўзининг қора ниятидан қайтмайди. Эҳ инсон, инсон. Қилмишга яраша жазо албатта тайин. Бадали тўлангач бу айби ҳам кечирилар, аммо уларнинг бу қилмишларини она табиат кечирармикан...

Ў.БАРОТОВ, ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/kovrak-rilari-....

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар