Дарёдан тош-шағал олиш ишлари табиатга зиён етказяпти
09.
09. 2020
10:58
5777
Эконадзор

Ўзбекистонда тош-шағал кавлаб олувчи, тошни қайта ишловчи тадбиркорлар фаолияти мамлакатдаги дарё ўзанлари ва қирғоқбўйи минтақаларига жиддий зарар етказмоқда.

Дарёдан тош-шағал олиш ишлари табиатга зиён етказяпти
Видео-репортаж

Муқаддам серсув, ҳайвонот олами ва балиқлари турфа бўлган дарёлар хавф остида қолмоқда, айрим ҳолларда дарё ўзанлари ўртасида учраб турадиган кичик оролчалар умуман йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли юзага келган.

Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси олиб борган экологик назорат тадбирларида ўрганиш ўтказилган жами 544та корхонанинг 385тасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Қонунбузилиш ҳолатларининг 70 фоизи оқова сувлари сув ҳавзасига рухсатсиз оқизилгани, 20 фоизи қум-шағал ноқонуний қазиб олингани, 5 фоизи чиқиндилар белгиланмаган жойларга жойлаштирилгани, 5 фоизи эса экологик-меъёрий хужжатларнинг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ.

Дарёдан тош-шағал олиш ишлари табиатга зиён етказяпти

Собир Машрабов

Масала юзасидан Kun.uz билан суҳбатлашган қўмита бошқарма бошлиғи Собир Машрабовнинг билдиришича, қонунбузар тадбиркорларга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддалари билан 411,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланиб, атроф-муҳитни ифлослантиргани учун қўшимча равишда 1 млрд 228 млн сўм компенсация тўловлари ҳисобланган.

«Бундан ташқари, дарё ўзанлари атрофида ўтказилган рейдлар давомида қум-шағалнинг ноқонуний қазилиши, чиқиндилар белгиланмаган жойда ташлаб кетилиши ва ёқилиши бўйича 918та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб 1 млрд 85 млн сўм маъмурий жарималар белгиланди.

Тошкент вилоятида қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб, қурилиш ишлари жараёнида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни жойлаштириш полигонлари ташкил этилмагани сабабли, ушбу чиқиндилар автомобиль йўллари ёқаларига, сув объектларининг муҳофаза зоналарига ва бошқа қаровсиз ҳудудларга тўкиб кетилмоқда», — дейди у.

Президентнинг тегишли қарори билан, дарёлар ўзанларида қум-шағал материалларини қазиб олиш фақат уларни тозалаш жараёнида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги «Хавфсиз дарё» ДУК томонидан белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Яъни тадбиркорлар сел келиш хавфи юқори бўлган дарё ўзанларида тегишли шартлар асосида тозалаш ишларини бажариб, ортиқча тош-шағални олиб кетиши мумкин. Амалда эса тадбиркорлар дарё табиатига путур етказиб, бундан иқтисодий фойда кўряпти.

Дарёдан тош-шағал олиш ишлари табиатга зиён етказяпти

Қадимдан дарё ва оқар сув ҳавзалар билан кескин муносабатда бўлиш салбий оқибатларга олиб келиши барчага маълум. Шунга қарамай, «Ижодчи» МЧЖга қарашли техникалар билан белгиланмаган жойда қум-шағал аралашмаси қазиб олиниши натижасида дарё ўзани рельефи бузилган.

Собир Машрабовнинг айтишича, махсус техникалар дарё ўзанига тушиб олиши натижасида нефть маҳсулотлари, техник мой оқиндилари билан дарё сувлари ифлослантирилиши ва рухсат этилгандан кўра кўп шағал қазиб олиш ҳолати кўп учраяпти.

Дарёдан тош-шағал олиш ишлари табиатга зиён етказяпти

«Тош майдалаш ва саралаш корхоналарининг 93,5 фоиз қисмида оқова сувларни бирламчи тозалаш учун мўлжалланган тиндириб тозалаш (отстойник) ўралари, бетон ховузлар мавжуд эмас. Ишлаб чиқариш оқова сувлари тиндиргичдан тўғридан тўғри очиқ сув ҳавзаларига ёки жой рельефига ташлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Оқова сувларидан олинган намуналарининг лаборатория таҳлили унинг таркибида қаттиқ моддалар бўйича ўрнатилган меъёрдан мос равишда 74, 100 ва 124 марта ортиқ ифлослиги аниқланиб, ушбу корхоналарга нисбатан қўшимча компенсация тўловлари ҳисобланди. Аммо табиатга етказилган зарар улкан», — дейди у.

Мутасадди вакил ушбу турдаги тадбиркорлик фаолиятини чеклаш, уни тўхтатиб қўйиш қурилиш ишларига салбий таъсир қилиши, бозорда шағал нархининг кескин ошиб кетишига сабаб бўлишини эътироф этди. Аммо бу табиат олдидаги жиноятни оқлаш учун баҳона бўла олмайди.

Собир Машрабов суҳбат давомида тоғ ва адирлик ёнбағирларида тош майдалаш кластерларини ташкил этиш муаммонинг ечими бўлиши мумкинлигини билдирди. Акс ҳолда, тадбиркорлик фаолиятини текширишга қўйилган мораторийдан фойдаланган шахслар дарёларга зарар етказишда давом эттаверади.

KUN.UZ  Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Манба: https://kun.uz/news/2020/09/09/daryodan-tosh-shagal-....

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


Фойдали манбалар