Фаолият ҳақида

Мамлакат ва унинг халқи ривожланиши учун Биохилмахилликнинг аҳамиятини тўла тушуниб етиш учун, энг аввало, мазкур тушунчанинг мазмун ва моҳиятини билиш керак. “Биохилмахиллик нима?”, деган саволга кўпчилик бу “табиат” ёки “ёввойи ҳайвонлар” деб жавоб беради. Аммо, Биохилмахиллик анча кенг тушунча бўлиб, у ҳаётнинг барча турларини ва сайёрамизда мавжуд барча табиий тизимларни ўз ичига олади.

Биохилмахиллик турғун тушунча эмас. У табиат барча биологик қисмларининг ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирини тақозо этишини тан олади. Кўпинча мазкур тушунчанинг уч даражаси фарқланади: турларнинг биологик ранг-баранглиги – барча ўсимликлар ва ҳайвонларнинг, шу жумладан турли бактериялар ва микроорганизмларнинг ранг-баранглиги; генетик ранг-баранглик – турлардаги генетик материалнинг ранг-баранглиги ва уларнинг ўртасидаги Биохилмахиллик; экологик тизимларнинг ранг-баранглиги – экологик тизимларнинг бойлиги (масалан, тоғ ўрмонлари, чўллар ёки саванналар, саҳролар ва денгизлар ва ҳ.к.). Бу уч даража жамулжам ҳолда Биохилмахилликни ташкил этади. Шу сабабли мазкур даражаларнинг ҳар бирини асраш умуман Биохилмахилликни асраш учун муҳимдир.

Ўзбекистоннинг умумий биологик хилма-хиллиги 27000 дан ортиқ турни ташкил этади. Мамлакатимизнинг ўсимлик дунёсида юксак ёки олий ўсимлик турлари алоҳида ажралиб туради. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 4500 га яқин юксак ўсимлик турлари ва 2000 дан ортиқ замбуруғ турлари учрайди. Улар орасида жиддий муҳофазага муҳтож камёб ва реликт турлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг сони 300 дан ошади. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 314 турдаги ўсимлик тури киритилган.

Ҳар йили республикада ёввойи ҳолда ўсадиган доривор, озиқ-овқат ва техник ўсимликларнинг 65 турига яқини етиштирилади. Энг кўп миқдордаги ҳосил қуйидаги турларга тўғри келади: қизилмия, коврак, ковул, қўзиқорин ва наъматак.

Ўзбекистон фаунасида умуртқали ҳайвонларнинг 706 тури (сут эмизувчилар – 107, қушлар – 460, судралиб юрувчилар – 64, амфибиялар – 3 ва балиқлар – 76) мавжуд, умуртқасиз ҳайвон турлари эса 15 мингдан ортиқ. Сўнгги ўн йил давомида табиатдан фойдаланишнинг кучайиши оқибатида, Ўзбекистондаги кўплаб ҳайвон турлари кучли антропоген таъсир остида қолиб, уларнинг яшаш жойлари ва сони қисқарди, баъзилари эса бутунлай йўқ бўлиб кетди.

Муҳофазага муҳтож ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларидан Ўзбекистоннинг Қизил китобига кенжа турлар билан биргаликда сутэмизувчиларнинг 30, қушларнинг 52 тури, судралиб юрувчиларнинг 21 тури, балиқларнинг 18 тури, ҳалқасимон чувалчангларнинг 3 тури, моллюскаларнинг 15 тури ва бўғимоёқлиларнинг 67 тури киритилган.

Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг биохилма-хиллик соҳасидаги фаолияти асосан табиий мажмуалар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш ва назорат қилиш, соҳага доир чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, биохилма-хилликни ўрганиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро алоқаларни ривожлантириш ҳамда бошқалардан иборатдир.