Ҳимояланган табиий ҳудудлар

Ернинг ва (ёки) сув кенгликларининг (акваторияларнинг) устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик бўлган, хўжалик мақсадидаги доимий ёки вақтинча фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман чиқарилган участкалари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобланади.

Табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда муҳофаза қилиш ва фойдаланиш режими ўрнатилади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар биологик, ландшафт ранг-баранглигини таъминлаш ва экологик мувозанатни сақлаб туриш учун мўлжалланган яхлит экологик тизимни ташкил этади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар белгиланган мақсади ва режимига қараб қуйидаги тоифаларга бўлинади:

– давлат қўриқхоналари;

– мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари;

– табиат боғлари;

– давлат табиат ёдгорликлари;

– айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар;

– муҳофаза этиладиган ландшафтлар;

– айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар.

– Қонун ҳужжатларида давлат биосфера резерватлари, миллий боғлар, давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва бошқа муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш назарда тутилиши мумкин.
 

Давлат қўриқхоналари

Табиий объектлар ва мажмуаларни муҳофаза қилишнинг қаттиқ режимига эга бўлган, типик экологик тизимлар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш ҳамда ўрганиш учун мўлжалланган, умумдавлат аҳамиятига молик муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат қўриқхоналари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида 6 та давлат қўриқхоналари мавжуд:

– Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (Тошкент вилояти, Давлат Экология қўмитаси тасарруфида);

– Зомин давлат қўриқхонаси (Жиззах вилояти, Давлат Экология қўмитаси тасарруфида);

– Нурота давлат қўриқхонаси (Жиззах вилояти, Давлат Экология қўмитаси тасарруфида);

– Қизилқум давлат қўриқхонаси (Бухоро ва Хоразм вилоятлари, Давлат Экология қўмитаси тасарруфида);

– Сурхон давлат қўриқхонаси (Сурхандарё вилояти, Давлат экология қўмитаси тасарруфида);

– Ҳисор давлат қўриқхонаси (Қашқадарё вилояти, Давлат экология қўмитаси тасарруфида);
 

Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари

Алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни асл ҳолатида сақлаш учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхона мавжуд:

– «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси (Қорақалпоғистон Республикаси, Давлат экология қўмитаси тасарруфида)
 

Табиат боғлари

Алоҳида экологик, маданий ва эстетик қимматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни табиатни муҳофаза қилиш йўналишидаги, рекреация, илмий ва маданий мақсадларда сақлаб қолиш ҳамда улардан фойдаланиш учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиат боғлари ҳисобланади. Табиат боғлари махсус ваколатли давлат органининг тақдимномасига биноан тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари билан давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида ташкил этиладиган миллий табиат боғлари ва маҳаллий аҳамиятга молик табиат боғларига бўлинади.

Ўзбекистон Республикасида 5 та давлат миллий табиат боғи мавжуд:

Хоразм давлат миллий табиат боғи (Хоразм вилояти, Давлат экология қўмитаси тасарруфида);

– Зомин давлат миллий табиат боғи (Жиззах вилояти, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида);

– Зарафшон давлат миллий табиат боғи (Самарқанд вилояти, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида);

– Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи (Тошкент вилояти, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида);

– Китоб геологик миллий табиат боғи (Қашқадарё вилояти, Геология давлвт қўмитаси).
 

Давлат табиат ёдгорликлари

Ноёб, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган, экологик, илмий, маданий ва эстетик жиҳатдан қимматли табиий объектлари бор муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат табиат ёдгорликлари ҳисобланади.

 Ўзбекистон Республикасида 11 та давлат табиат ёдгорликлари мавжуд:

– Варданзи давлат табиат ёдгорлиги (Бухоро вилояти);

– Мингбулоқ давлат табиат ёдгорлиги (Наманган вилояти);

– Чуст давлат табиат ёдгорлиги (Наманган вилояти);

– Ёзёвон давлат табиат ёдгорлиги (Фарғона вилояти);

– Янгибозор давлат табиат ёдгорлиги (Хоразм вилояти);

– Варахша давлат табиат ёдгорлиги (Бухоро вилояти);

– Пайкент давлат табиат ёдгорлиги (Бухоро вилояти);

– Зилха давлат табиат ёдгорлиги (Фарғона вилояти);

– Акбаробод давлат табиат ёдгорлиги (Фарғона вилояти);

– Бўстонбува давлат табиат ёдгорлиги (Бухоро вилояти);

– Урунғоч давлат табиат ёдгорлиги (Тошкет вилояти).
 

Айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар

Буюртма қўриқхоналар

Айрим табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар буюртма қўриқхоналар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида 12 та давлат буюртма қўриқхоналари мавжуд:

– Арнасой давлат буюртма қўриқхонаси (Жиззах вилояти);

– Денгизкўл давлат буюртма қўриқхонаси (Бухоро вилояти);

– Қора-қир давлат буюртма қўриқхонаси (Бухоро вилояти);

– Судочье давлат буюртма қўриқхонаси (Қорақалпоғистон Республикаси);

– Муборак давлат буюртма қўриқхонаси (Қашқадарё вилояти);

– Оқтау давлат буюртма қўриқхонаси (Навоий вилояти);

– Карнабчўл давлат буюртма қўриқхонаси (Навоий вилояти);

– Қумсултон давлат буюртма қўриқхонаси (Бухоро вилояти);

– Хадича давлат буюртма қўриқхонаси (Бухоро вилояти);

– Қўширобод давлат буюртма қўриқхонаси (Самарқанд вилояти);

– Нуробод давлат буюртма қўриқхонаси (Самарқанд вилояти);

– Омонқўтон давлат буюртма қўриқхонаси (Самарқанд вилояти.
 

 Табиий питомниклар

Ўсимликлар ва ҳайвонларнинг айрим турларига зарур шароит яратиш йўли билан уларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиий питомниклар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида 1 та давлат табиий питомниги мавжуд:

– Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги (Бухоро вилояти, Давлат Экология қўмитаси тасарруфида).
 

Айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар

Ўрмон фондининг эрозияга қарши барпо этилган ўрмонлар, шаҳар ўрмонлари, шаҳарларнинг, бошқа аҳоли пунктлари ва саноат марказларининг яшил минтақалари атрофидаги ўрмонлар, алоҳида қимматли ўрмонлар, ёнғоқзорлар, мевали дарахтзорлар, илмий ёки тарихий аҳамиятга молик ўрмонлар эгаллаган ерлари, шунингдек овчилик хўжаликларининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан оқилона фойдаланиш учун мўлжалланган ер участкалари айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар жумласига киради.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 71 та ўрмон хўжалиги, ва 5 та ов хўжаликлари мавжуд.

Давлат биосфера резерватлари

Ҳудудларни барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш мақсадида давлат биосфера резерватлари — биологик ранг-барангликни сақлаш, табиий объектлар ва мажмуалардан оқилона фойдаланиш учун мўлжалланган, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиши мумкин. Давлат биосфера резерватлари халқаро биосфера резерватлари тармоғига қўшилиши ва атроф табиий муҳитнинг глобал мониторингида иштирок этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида 2 та биосфера резервати мавжуд:

– Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (Қорақалпоғистон Республикаси, Давлат экология тасарруфида);

– Угом-Чотқол давлат биосфера резервати (Тошкент вилояти, АЖ”Ўзбекистон темир йўллари” тасарруфида).
 

 Миллий боғлар

Алоҳида экологик, илмий, маданий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган, ўсимликларнинг ноёб ва қимматли, шу жумладан манзарали турларини сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва табиатни муҳофаза қилиш, рекреация, илмий ва маданий мақсадларда оқилона фойдаланишга мўлжалланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар миллий боғлардир.

Ўзбекистон Республикасида 1 та миллий боғ мавжуд:

 – Дўрмон миллий боғи (Тошкент вилояти, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида)