Қонунчилик

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибидаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига амал қилади.

Давлат экологик назоратини амалга оширишда қўлланиладиган асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар:
 

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари

Сана, рақам

«Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»

717-I-сон, 24.12.1998 й.

«Экологик назорат тўғрисида»

ЎРҚ-363-сон,  27.12.2013 й.

«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»

№ 754-XII-сон, 9 декабря 1992 й.

«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»

353-I-сон, 27.12.1996 й.

«Ўрмон тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

ЎРҚ-475-сон, 16.04.2018 й.;

«Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»

ЎРҚ-409-сон,  21.09.2016 й.;

«Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

ЎРҚ-408-сон, 19.09.2016 й.;

«Чиқиндилар тўғрисида»

362-II-сон, 05.04.2002 й.

«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»

710-II-сон, 03.12.2004 й.;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари

«Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

ПҚ-5490-сон, 27.07.2018 й.;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

«Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини бериш юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

920-сон, 07.11.2018 й.;

«Табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»

820-сон, 11.10.2018 й.;

«Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 

29-сон, 15.01.2019 й.;


Юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги

Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунига мувофиқ XI бўлимда экологик қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган.

47-модда. Табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларни бузганлик учун жавобгарлик

Тубандаги ҳолларда:

– табиатни муҳофаза қилишнинг стандартлари, нормалари, қоидалари ва бошқа норматив-техник талабларини бузишда, шу жумладан корхоналар, иншоотлар, транспорт воситалари ва бошқа объектларни режалаштириш, қуриш, реконструкциялаш, улардан фойдаланиш ёки уларни тугатиш чоғида, экология нуқтаи назаридан хавфли маҳсулотларни чет элларга чиқариш ва чет эллардан олиб келишда ҳудуднинг белгилаб қўйилган экология сиғимини, экология нормалари, қоидаларини бузишда;

– табиий бойликлардан ўзбошимчалик билан фойдаланишда, давлат экология экспертизаси талабларини бажармаганликда;

– табиий ресурслардан фойдаланганлик учун белгиланган тўловни, шунингдек атроф муҳитни ифлослантирганлик ва унга зарарли таъсир кўрсатишнинг бошқа турлари учун компенсация тўловлари тўлашдан бош тортганликда;

– табиатни муҳофаза қилиш объектларини қуриш режаларини, табиатни муҳофаза қилишга доир бошқа тадбирларни бажармасликда;

– атроф табиий муҳитни тиклаш, унга бўладиган зарарли таъсир оқибатларини бартараф этиш ва табиий ресурсларни такрор ишлаб чиқариш чораларини кўрмаганликда;

– табиатни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошираётган идораларнинг кўрсатмаларини бажармаганликда;

– табиатни муҳофаза қилиш объектлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ҳуқуқий режимини бузганликда;

– атроф табиий муҳитга зарарли таъсирни ҳисобга олиш қоидаларини бузганликда;

– чиқиндиларни, кимёлаштириш воситаларини, шунингдек радиоактив ва зарарли кимёвий моддаларни сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш, уларни зарарсизлантириш ва кўмиб юбориш вақтида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганликда;

– атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг объектларга боришига, айрим шахслар ва табиатни муҳофаза қилиш жамоат ташкилотларига эса ўз ҳуқуқ ва вазифаларини рўёбга чиқаришларига тўсқинлик қилганликда;

– атроф табиий муҳитнинг ҳолати ва унинг ресурсларидан фойдаланиш тўғрисида ўз вақтида ва тўғри ахборот беришдан бош тортганликда айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига биноан интизомий, маъмурий, жиноий ва бошқа йўсиндаги жавобгарликка тортиладилар.


48-модда. Атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва ўзгартириш

Корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг инсон саломатлигига ёки яшаш шароитига, табиий ресурсларга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарарли таъсир этган ёки бундай таъсир этиш хавфи туғилган тақдирда уларнинг фаолияти чекланиши, тўхтатиб қўйилиши, зарарли таъсир этиш сабабларини бартараф этишнинг имкони бўлмаган тақдирда эса тугатилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Бундай объектларнинг фаолиятини чеклаш, тўхтатиб қўйиш, тугатиш ёки ўзгартириш ҳамда айни вақтда уларни пул билан таъминлашни тўхтатиш хусусидаги қарорларни давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, ўз ваколатларига мувофиқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари чиқарадилар. Кўрсатилган чоралар тадбиркорлик субъектларига нисбатан суд тартибида қўлланилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари мустасно.


49-модда. Табиатни муҳофаза қилиш қонунларини бузиш оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти

Атроф табиий муҳитга зарар етказган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахслар етказган зарарни, шу жумладан бой берилган фойда ўрнини қонунларга мувофиқ қоплашлари шарт.

Экология талабларини бузганликда айбланаётганларнинг маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши уларни атроф табиий муҳитга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этмайди.


50-модда. Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Табиатдан махсус равишда фойдаланишни оқилона амалга оширмаганлик, атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқариш ва оқизишни, чиқиндиларни жойлаштиришни норматив ва лимитларда белгиланганидан кўпайтириб юборганлик учун корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахсларга Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ оширилган солиқ солиниши керак.

Тегишли ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг қарорига мувофиқ айтиб ўтилган қоидабузарликларнинг сабабларига барҳам берилгунга қадар юридик ва жисмоний шахсларнинг хўжалик фаолиятини пул билан таъминлаш тўхтатиб қўйилиши мумкин. Кўрсатилган чора тадбиркорлик субъектларига нисбатан суд тартибида қўлланилади, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда хўжалик фаолиятини молиялаштиришни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари мустасно.


51-модда. Табиатни муҳофаза қилишга доир қонунларни бузиш оқибатида зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа ходимларнинг жавобгарлиги

Корхоналар, ташкилотлар ҳамда муассасаларнинг атроф табиий муҳитга, инсон саломатлиги ва одамларнинг мол-мулкига, халқ хўжалигига етказилган зарарни қоплаш юзасидан чиқимдор бўлишида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа ходимлар Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан моддий жавобгар бўладилар.


52-модда. Экология нуқтаи назаридан зарарли фаолиятни тўхтатиш хусусидаги даъво талаблари

Юридик ва жисмоний шахслар атроф табиий муҳитга, инсон саломатлиги ва одамларнинг мол-мулкига, халқ хўжалигига зиён етказаётган экология жиҳатидан зарарли фаолиятни тўхтатиш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

Суднинг экология нуқтаи назаридан зарарли фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги қарори айтиб ўтилган фаолиятни пул билан таъминлашни тўхтатиш учун асос бўлади.