Бутунжаҳон тозалик куни. Сурхондарёда экоакция кўтаринки рухда ўтмоқда
19.
09. 2020
14:48
5409
Янгиликлар

Бугун эрта тонгдан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Сурхондарё вилоятида ҳам Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан «Экология биздан бошланади» шиори остида экологик акция уюшқоқлик билан бошланди.

Термиз шаҳридаги «Болажон» боғида атроф-муҳитга бефарқ бўлмаган кўнгиллилар иштирокида старт олган экоакция муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири А.Эшмуратов, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Б.Ўринов сўнгги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳит ва экологик барқарорликни таьминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади. 12 йилдан буён 19 сентябрда ўтказиладиган Бутунжаҳон тозалик куни ҳам ана шу мақсадга йўналтирилгани қайд этилди.

– Мамлакатимизда бу ҳаракат ўтган йили илк марта ўтказилди,– дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Б.Ўринов.– Жорий йилда унда иштирок этувчилар сафи янада кенгайгани аҳамиятлидир. Зеро, экоакция иштирокчилари вилоят бўйлаб кўча ва хиёбонлар, аҳоли турар-жойлари, маҳалла ва гузарларни ободонлаштирмоқда.

Биз эса уларни махсус автотранспорт воситалари, зарур анжомлар, қўлқоп ва чиқинди қоплари билан таъминладик. Кўнгиллиларнинг аксарияти йигит-қизлар экани ҳам ёшларнинг атроф-муҳит муҳофазасига бефарқ эмаслиги ҳамда озодаликка эътибор кучайиб бораётганини кенг намоён этмоқда.

Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган мазкур тадбир аҳолининг экологик маданиятини янада ошириш, ҳудудларни чиқиндилардан ҳоли этиш ва бу борада халқаро ҳамжамият тажрибасини оммалаштириш мақсадида ташкил этилмоқда.

– Бобо-момоларимиз болаликдан онгимизга озодалик, поклик бор жойда қут-барака, файз бўлади, деган ғояни сингдирган,– дейди Термиз шаҳридаги 15-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Н.Қурбонова. – Қарияларимизнинг пурмаъно бу гаплари саранжом-саришталикни миллий шиоримизга айлантирган. Шунинг учун ҳам биз, кўнгилли ёшлар эзгу мақсадларга қаратилган ушбу тадбирда фаол иштирок этиб, шаҳримизни янада обод ва озода гўшага айлантиришга ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз.

Экоакция вилоятнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан кўтаринки рухда давом этмоқда.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

Манба: http://uza.uz/oz/society/surkhondaryeda-ekoaktsiya-...

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар