Фарғонага офтобдан асрайдиган дарахтлар экиш керак
13.
11. 2020
12:19
7303
Янгиликлар

Дилбар табиати Фарғонанинг ўзига хос ташриф қоғози. Фарғона ҳақида гап кетганда, гўзал ва бетакрор табиат манзаралари эсга олинади. Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида вилоятнинг бош кентлари, барча туманларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, ландшафт архитектураси асосида кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, хиёбонлар, манзарали дарахтлар аллеялари барпо этилди.

Чинорлар вилоятнинг ўзига хос рамзи бўлиб, биргина Фарғона шаҳрида 60 минг тупдан зиёд кўкка бўй чўзиб ўсганди. Айниқса, ёз саратонида аскарлардек бир сафда тизилган чинорлар соя-салқини одамга ҳузур бахш этарди. Янгиланишлар жараёнида чинорлар ўрнига хориждан ноёб манзарали дарахтлар олиб келиб экилди.

Эколог олимлар, соҳа мутахассислари асл табиат неъматларидан баҳраманд бўлиш учун Фарғонанинг барча шаҳар-туманларида соя-салқин берадиган, маҳаллий иқлим шароитимизга мос дарахтлар экишни кўпайтириш зарурлигини эътироф этмоқдалар.

Инсон ва табиат тақдири бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳаво тоза, унинг таркибида кислород миқдори етарли даражада бўлса, инсон узоқ умр кўради. Бунинг учун эса муҳофазаланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг биохилмахиллик ва табиий ҳудудлар муҳофазаси бўлими бошлиғи Баҳром Раҳмоновнинг қайд этишича, биргина жорий йилнинг ўзида шаҳар-туманларда 73 минг тупдан зиёд манзарали дарахтлар экиш режалаштирилган. Бу борада лола дарахти, эман (дуб), каштан, элдор қарағайи, можевел арчаси, Қрим арчаси, япон сафораси, чинор, клён сингари манзарали дарахтлар ниҳоллари экиляпти.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳар йили эрта кўкламда вилоятдаги корхона-ташкилотлар, тегишли мутасадди идоралар, маҳаллалар, ўқув юртлари, оилалар томонидан турли акциялар, ҳашарлар ўтказилади. Янги дарахтлар экилгани бўйича жимжимадор рақамлар келтирилган ҳисоботлар тайёрланади. Афсуски, бу рақамларнинг кўпи қоғозларда қолиб кетади. Экилган ниҳолларнинг аксарияти қаровсизлик туфайли қуриб қолади.

Фарғоналик тадбиркор Асқар Қодиров яқинда яхши бир ташаббус билан чиқди. У ўз маблағи ҳисобидан Қўқон шаҳри кўчаларига 15 минг туп манзарали дарахт экиш ниятида. Ҳозирда пойтахтдаги Ботаника институти мутахассислари жалб этилиб, хориждан қандай ноёб манзарали дарахтларни олиб келиб экиш мумкинлиги бўйича маҳаллий тупроқ ва иқлим шароити илмий асосда ўрганилмоқда.

Вилоятнинг бош кенти — Фарғона шаҳрининг бир пайтлар ерга тангадек офтоб нурини туширмайдиган дов-дарахтлар осмонга бўй чўзган кўчалари тарихга айланди. Дунёнинг турли қитъаларидан олиб келинган манзарали дарахтлар эса ҳали саратон офтоби, ёмғир ва қордан асрайдиган даражага етгани йўқ. Шаҳар аҳли ёзда қуёшдан сақланиш учун соябон тутишга одатланди.

— Сайёрамизда глобал исиш муаммоси туфайли дунёнинг барча ҳудудлари, хусусан, вилоятимизда ҳам дарахтларнинг иссиқ-совуққа чидамлилиги камайиб бораётгани кўп кузатиляпти, — дейди Фарғона давлат университети ўқитувчиси, эколог олим Нозима Ҳожиболаева. — Фарғона шароитида кўпроқ эман эккан маъқул. Мисол учун, чинор 30-35 метр, эман эса 50-55 метргача ўсади. Япон сафораси, каштан соя беришидан кўра, табиат фусункорлигини оширади.

Фарғона табиатининг ўзига хос рамзи бўлган осмонўпар дарахтлар сони ва сифатини ошириш, хусусан, соя берадиган дарахтлар экишни кўпайтириш учун аниқ тизим ва режа асосида иш ташкил этиш лозим.


Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи»

Манба: http://xs.uz/uzkr/43927

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар