Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Максудов 2021 йил 27 март куни Тошкент вилоятига хизмат сафари доирасида Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғида бўлди.
Мазкур ҳудуд ноёб флора ва фаунаси билан ажралиб туради. Миллий боғнинг ўзига хос ландшафтига мамлакатимиздан ташқарида ҳам қизиқиш катта. Айрим табиий ёдгорликлар узоқ-яқиндан кўплаб сайёҳларни жалб этиши ҳам сир эмас. Тоғли табиат манзаралари, тоғ кўллари, шаршаралар, чиройли гуллайдиган ўсимликлар, бетакрор ҳайвонот дунёси, сув омборлари, петроглифлар, арчазору қайинзорлар шулар жумласидандир.
Қўмита раиси миллий боғ мутасаддилари билан суҳбат давомида ҳудуднинг экотуристик салоҳиятини янада ошириш, соҳа тараққиётига йўналтирилган давлат дастурларида белгиланган долзарб вазифаларнинг ижросини бевосита ўрганар экан, мавжуд масалалар моҳиятига инновацион ёндашиш лозимлиги юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати