Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов ҳамда Ўзбекистоннинг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси А.Файзуллаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди
28.
12. 2022
20:14
2778
Янгиликлар

Бугун Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломурадов ҳамда Ўзбекистоннинг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси А.Файзуллаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда  Ўзбекистон ва Австрия ўртасида атроф-муҳит соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш, ушбу давлатнинг ер, сув ва атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича илғор тажрибаларини мамлакатимизда қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Инновацион экологик ечим ва ёндашувлар асосида  муқобил энергетикани ривожлантириш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш, биологик хилмахилликни асраш ҳамда саноат объектларидан чиқадиган зарарли ташламаларни мониторинг қилишда юқори самара берувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Учрашув давомида 2023 йил 23-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган  БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 14-томонлар конференцияси (CMS COP-14)ни юқори савияда ташкил этиш, мазкур халқаро даражадаги анжуманга Австриянинг экология ва атроф-муҳит масалалари билан шуғулланадиган нуфузли ташкилотлари иштирокини таъминлашга келишиб олинди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Фойдали манбалар