Давлат экология қўмитаси раиси ОАВ вакиллари билан учрашди
10.
03. 2020
20:43
8787
Янгиликлар

2020 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Шавкат Абдуразаков ОАВ вакиллари, жамоат ташкилотлари ҳамда блогерлар билан учрашди.

Қўмита раиси  жорий йилнинг 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида соҳадаги мавжуд муаммоларга бағишланган йиғилиш бўйича ахборот берди. Хусусан, Давлат раҳбарининг мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилганлигини аълоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга соҳадаги мавжуд муаммолар юзасидан  жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерларнинг фикрини ўрганиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ҳамда унга мувофиқ равишда  стратегияни ишлаб чиқишда мазкур эътироз ҳамда таклифларни эътиборга олиш муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида сўз юритди.

Хусусан, чиқиндилар билан боғлиқ тизим етарли даражада ишламаётганлигига урғу берилди. Давлат экология қўмитаси раиси Ш. Абдуразаков ва тегишли мутасаддилар томонидан жорий йилнинг 8 март куни Оҳангарон туманида жойлашган Тошкент шаҳар маиший чиқинди полигонидаги  ҳолатни жойига чиқиб ўргандилар. Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган маиший чиқинди полигони санитар ҳолат қониқарсиз эканлиги сабабли ҳудудда ободонлаштириш ҳамда унинг атроф-муҳитга салбий таъсирини олдини олиш чора-тадбирларини белгиланди. Хусусан:

– полигондаги чиқиндиларнинг таркибини ҳамда атроф-муҳитга келтираётган таъсирини ўрганиш ишларини олиб бориш;

– чиқинди полигони ҳудудини хусусий чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналарни жалб қилган ҳолда бириктириб бериш ва бунинг натижасида чиқиндиларни қайта ишлаш орқали полигон кенгайишининг олдини олиш;

– республика шаҳарларида санитар тозалаш хизматларини кўрсатиб келаётган «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» ДУКларни давлат-хусусий шерикчилик шарти билан тарбиркорлик субъектларига бириктириб бериш шулар жумласидандир.

Шу билан бирга дарахтларни ноқонуний кесганлик учун масъулиятни, жарималар миқдорини ошириш, ҳуқуқбузар шахсларга нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш Давлат раҳбари томонидан қўйилган асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.

Давлат экология қўмитаси раиси мамлакатимиздаги барча дарахтларни хатловдан ўтказиш, уларни ID-карталар билан белгилаш ҳамда уларга масъуларни аниқлаб бериш ташаббуси билан чиқди. Жараён мураккаб бўлса-да, уни амалга ошириш долзарб эканлиги баён этилди. Мазкур тадбир учун Қўмита тизимидаги 300 та инспекторнинг жалб этилиши ҳамда унда барча истак билдирган ОАВ вакиллари, блогерлар иштирок этиши мумкинлиги маълум қилинди. 

Ташриф буюрганлар соҳада юзага келган  муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан таклифларни бериш имконига эга бўлдилар.

Хусусан, республикада экологик таълимни ривожлантириш, экологик маданиятни ошириш, жамоат экологик назорати инспекторларининг фаолиятини самарали ташкил этиш, уларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, компенсацион тўловлардан тушаётган маблағлар сарфланишининг шаффофлигини таъминлаш, жамоат экологик экспертизасини амалга оширишни таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистонда АЭС қурилиши муносабати билан жамоат эшитувини ташкил этиш, дарахтларнинг ноқонуний кесилишига барҳам бериш, жавобгарликни ҳамда жарималар миқдорини ошириш бўйича таклифлар берилди.

 


 

 

Давлат экология қўмитаси
Ахборот хизмати

 


Фойдали манбалар