Экотизимга эътибор керак
21.
07. 2020
11:31
6027
Янгиликлар

Ёзнинг жазирамасида ҳар қандай киши соя–салқин жойни қўмсайди. Ҳеч кимга сир эмас, бугун жойларда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари сабаб марказий ҳудудлардаги дов–дарахтлар сони кескин камайиб кетмоқда.

Тўғри, қурилиш ишларидан сўнг яшил ҳудудлар барпо этилмоқда. Аммо янги экилган кўчатнинг инсонга нафи теккунга қадар анча вақт ўтади. Шу туфайли кейинги йилларда аҳоли яшаш жойларида айни муаммо долзарб бўлиб қолмоқда.

Маълумотларга кўра, 20 минг аҳоли учун камида 1 гектар майдонда жойлашган кислород ишлаб чиқариш хусусиятига эга дарахтлардан иборат яшил ҳудуд зарур экан. Бугун аҳоли яшаш манзиллари бу талабга жавоб берадими? Жавоби йўқ саволлар турмуш тарзимизда жуда кўп. Аммо, ушбу саволларни кўпайиб кетмаслиги бугунги хатти–ҳаркатимизга ҳам боғлиқ. Атроф–муҳитга эҳтиёткорона муносабат юқоридаги каби муаммоларнинг энг асосий ечимидир. «Зарафшон» миллий табиат боғи ўзининг бетакрор Бухоро хонгули буғулари билан бирга бебаҳо табиати туфайли ҳам алоҳида эътиборга сазовор.

Ёзнинг жазирамасида бу ҳудудга келувчилар сони анча ортади. Айниқса, экотуризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳудудда 15 нафар ташаббускор тадбиркорлар томонидан махсус дам олиш масканлари ташкил этилмоқда.

– Жорий йил бошидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қарори билан дам олиш маркази ташкил этиш бўйича 0,5 гектар ер майдони ажратилган эди, – дейди тадбиркор Латифжон Эргашев. – Берилган имтиёздан унумли фойдаланиб, ҳудудда нафақат ёзда, балки қишда ҳам туристлар учун хизмат кўрсатиш мақсадида бу ерда ёзги ва қишки бассейн ташкил этдик. Масканда оилавий ташриф буюрувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида 8 кишилик ётоқхона ҳам тайёрладик. Келгусида сайёҳлар табиат қўйнида бир неча кун қолишлари ҳам мумкин.

Боғнинг умумий майдони 2 426,85 гектарни ташкил қилиб, шундан 1 772 гектари қўриқ зонаси ҳисобланади. Ҳудуднинг умумий узунлиги 35 км.ни ташкил қилади. Энининг узунлиги эса 100–1400 метргача етади. Боғ ҳудудининг ҳайвонот ва ўсимлик дунёси хилма–хиллиги билан киши эътиборини тортади. Бу ерда сут эмизувчиларнинг 24 тури, қушларнинг 207 тури, балиқларнинг 18 тури, судралиб юрувчиларнинг 10 тури, ҳашоратларнинг 88 тури мавжуд. Ўсимликларнинг 300 тури учрайди. Уларнинг 80 тури доривор, 20 тури декоратив, 23 тури саноат учун мўлжалланган.

– Боғ ҳудуди уч қисмга ажратилган, – дейди «Зарафшон» миллий табиат боғининг туризм бўйича мутахассиси Баҳодир Бозоров. – Дам олиш ҳудуди 352 гектарни ташкил қилади. Бу ҳудудда учта туристик йўналиш ташкил қилинган. Биринчи йўналишда тиллоранг қирғовул ва қушларни кузатиш мумкин. Иккинчи йўналишда эса Бухоро хонгули буғулари билан танишиш кўзда тутилган. Учинчи йўналишда боғнинг бетакрор ўсимлик дунёси, табиий ландшафти билан танишилади. Кўпчилик сайёҳлар табиий гўзалликдан баҳра олиш учун бу ерга ташриф буюришади. Афсуски, табиатга инсоният томонидан аёвсиз муносабат ҳануз давом этмоқда.

Бундан боғимизга ҳам зарар етмоқда. Бугун киши кўзини қувнатиб турган дов–дарахатлар эртага тарихга айланиш хавфи бор. Чунки Зарафшон дарёси бўйида жойлашган боғ ҳудудида ер ости сувлари секин–аста пастлаб кетмоқда. Бунга сабаб қарама–қарши томонда хусусий тадбиркорлар томонидан ташкил қилинган карьерларнинг сони йил сайин ортиб бораётганлигидир. Бу каръердардан «Зарафшон» дарёсидаги қум ва шағаллар ҳеч қандай ҳисоб–китобсиз қазиб олиниши экотизимга, боққа ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Бир неча бор тегишли ташкилотларга қилинган мурожаатларимиз жавобсиз қолмоқда. Аҳвол шу зайлда давом этадиган бўлса, боғ табиатига жиддий зарар етиши мумкин.

Бугун ҳеч шубҳасиз экологиянинг бузилишидан барча бирдек зарар кўрмоқда. Табиатдаги инжиқликлар ҳам бежиз рўй бермаётганлигини кўпчилик экотизимга бўлган аёвсиз муносабатнинг оқибати эканлигини англаб етмоқда. Афсуски, ҳали–ҳамон экология софлигини таъминлашга бўлган жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти.

Агар муносабат шу тарзда давом этса, табиат ҳам шу йўсинда жавоб қайтаришда давом этиши шубҳасиз. Шундай экан, мутасаддилар ўз вақтида табиатга бўлган муносабатини ўзгартиришса, тобора мураккаблашиб бораётган экологик вазият бир мунча яхшиланармиди?!

Алишер ИСРОИЛОВ
Самарқанд газетаси мухбири

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар