Экология мавзусига бағишланган видеороликлар танлови давом этмоқда, аммо тугашига оз вақт қолди
28.
08. 2020
18:15
6901
Янгиликлар

«ТАБИАТ ВАҚТИ: ИНСОН, АТРОФ МУҲИТ ВА БИОХИЛМА-ХИЛЛИК» мавзусида ижтимоий – экологик видеороликлар танлови давом этмоқда. Ташкилотчилар – Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) билан ҳамкорликда – креатив ва экология муаммоларига бефарқ бўлмаган ёши 16-25 оралиғида бўлган ёшларни унда иштирок этишга таклиф этади. Учта номинация бўйича ғолибларни қимматбаҳо совғалар-гаджетлар кутмоқда.

Танлов Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг олийгоҳлари талабалари, коллеж ва катта синфлари (10-11) ўқувчилари иштирок этиши мумкин.

– Биз ёшларимиздан қизиқарли сюжет ва теран мазмун-моҳиятли долзарб бўлган роликларни жуда кутаяпмиз, – дейди МОМЭМ филиали директори, UzWaterAware лойиҳаси менежери Шаҳноза Умарова. – Табиийки, пандемия шароитида ташқарида суратга олиш, катта суратга олиш гуруҳи билан бирор жойга бориш қийин масала, шунинг учун биз ёшлар шароитга мослашган ҳолда, бизга мобил журналистика форматида ажойиб видео маҳсулотларни таклиф қилишади, деган умиддамиз. Бундай ҳолатда, яхши видео ролик яратиш учун уларга пухта ўйланган режа-сценарий, смартфондаги видеокамера, шунингдек, видеони таҳрирлаш учун мобил дастур, балки, махсус эффектлар ҳам керак бўлади. Ҳозирда кўплаб талабалар учун булар одатий воситалар бўлиб қолган, уларнинг ёрдамида дўстлари ёки ҳатто ўз обуначилари билан улар ижтимоий тармоқларда баҳам кўриш учун контент яратмоқдалар.

Танлов Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган бўлиб, 2020 йил 10 июндан 10 сентябргача ўтказилмоқда. Иштирок этиш учун 2020 йил 10 сентябрга қадар танлов ташкилотчиларининг uzbekistan@carececo.org электрон манзилига ("Табиат вақти" номи билан) қуйидагиларни юбориш керак:

 иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот;

 видеороликнинг қисқа тавсифи ҳамда яратилиш тарихи;

 интернетдаги бирор майдонга mp4 форматида юкланган видеороликка ҳавола ёки хатнинг ўзига бевосита илова қилинган (mp4) ролик.

Шу билан бирга, роликни #Tabiatvaqti #Времяприроды #Timefornature хештэги остида ижтимоий тармоқларга (Facebook, Instagram, Youtube) жойлаштириш, ҳаволасини эса юбориш керак бўлган хатга илова қилиш зарур.

– Энг асосийси - иштирокчиларнинг видеороликларида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ғоя биз учун жуда муҳим ва зарур, – дея таъкидлайди Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Бунёд Абдуллаев. – Биз ушбу роликлар орқали ёшлар ўз тенгдошларига ва умуман олганда, кенг ҳамжамиятга ўзларининг фикр-мулоҳазалари, келажак ҳақида ташвишланишлари етказиб бериш имконига эга бўлишларига ишонамиз. Ахир, жамият атроф-муҳитни муҳофазалаш ва биохилма-хилликни сақлаш ғояси атрофида бирлашмаса, келажагимиз хавф остида қолиши ҳеч гап эмас.

Видеороликлар хронометражи имкони борича 03:00 дақиқадан ошмаслиги керак, максимум 05:00 дақиқа бўлишига йўл қўйилади. Ролик мазмун-моҳияти қуйидаги мавзулардан бирини ўзида акс эттириши зарур:

атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммолар / ечимлар;

 биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича муаммолар / ечимлар;

 сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича муаммолар / ечимлар.

Жюри аъзолари ҳар бир йўналиш бўйича биттадан ғолибни аниқлайди. Асосий совринлар билан бир қаторда ижтимоий тармоқларда энг кўп овоз (лайк/кўриш) тўплаган ролик муаллифини рағбатлантириш учун Давлат экология қўмитаси томонидан алоҳида номинация ажратилган.

Танлов шартлари билан батафсил қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: https://carececo.org/main/news/molodezhnyy-konkurs-sotsialno-ekologicheskikh-videorolikov-na-temu-vremya-prirody-chelovek-okruzhayu/

 

 

Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати

 


 

Фойдали манбалар