Дарахтларни сақлаш ҳамда уларни муҳофаза қилиш пойтахтимиз аҳлининг кўп қисми учун долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Тез-тез такрорланиб тураётган ноқонуний дарахт кесилиш ҳолатлари фуқароларни ташвишга солмоқда. Айрим ҳолатларда касалланган дарахтларни санитар кесиш зарур, аммо у асосланган бўлиши керак. Бунда дарахтларнинг ҳолати ва касалланиш даражасини аниқлаш муҳим ҳисобланади.
Олимлар фикрига кўра, пойтахтимиздаги баргли ва игна баргли дарахтларнинг кўп қисми унсимон қурт (мучнистый червец - Pseudococcidae) ва шаҳар мўйловдори (городской усач - Aeolesthes sarta) ва бошқа зараркунандалар билан касалланган. Унсимон қурт игна баргли, шаҳар мўйловдори эса баргли дарахтларни зарарлайди.
2020 йил 3 сентябрь куни Давлат экология қўмитаси ҳамда Тошкент давлат аграр университети «Ўсимликларни ҳимоя қилиш» кафедраси академик ва профессорлари Тошкент шаҳридаги «Дўстлик боғи» да тажриба тариқасида зарарланган дарахтларда юқори ҳароратга чидамли трихограмма турини (трихограмма – бу ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш воситаси ҳисобланади) кўпайтириш мақсадида уларни махсус аппаратда дрон ёрдамида сепиш тадбирини ўтказдилар.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати