Ижтимоий-экологик видеороликлар ёшлар танлови 01.10.2020 йил санасига қадар узайтирилди. Танлов учун ажратилган вақтнинг аксар қисми иккинчи карантин вақтига тўғри келгани, бу иштирокчиларнинг имкониятларини сезиларли даражада чеклагани, уларнинг фаоллиги, қатнашишига таъсир этган бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда такилотчилар ишларни қабул қилиш муддатини яна бир ойга узайтиришга қарор қилишди.
Экология ва атроф-муҳит муаммосига бефарқ бўлмаган 16 ёшдан 25 ёшгача Ўзбекистон фуқаролари ушбу танлов иштирокчисига айланиши мумкин. Асосий вазифа – қизиқарли ва мазмундор, хусусан мобил журналистика форматидаги видеороликни яратиш. Учта номинация бўйича ғолибларни қимматбаҳо совринлар – замонавий гаджетлар кутмоқда!
Видеороликлар хронометражи имкони борича 3 дақиқадан ошмаслиги зарур, максимум 5 дақиқа бўлишига йўл қўйилади. Ролик мазмун-моҳияти қуйидаги уч мавзудан бирини ўзида акс эттириши зарур:
– атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги муаммолар / ечимлар;
– биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича муаммолар / ечимлар;
– сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича муаммолар / ечимлар.
«Табиат вақти: инсон, атроф муҳит ва биохилма-хиллик» мавзусидаги танлов Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) билан ҳамкорликда Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Иштирок этиш учун 2020 йилнинг 1 октябрига қадар uzbekistan@carececo.org электрон манзилига «Табиат вақти» номи билан қуйидагиларни юбориш керак:
– иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот;
– видеороликнинг қисқа тавсифи ҳамда яратилиш тарихи;
– интернетдаги бирор майдонга mp4 форматида юкланган видеороликка ҳавола ёки хажми енгиллаштирилган видеони (mp4) хатнинг ўзига бевосита илова қилиш мумкин.
Шу билан бирга, роликни #Tabiatvaqti #Времяприроды #Timefornature хештэглари остида Facebook, Instagram, Youtube га жойлаштириш, ҳаволасини эса юбориш керак бўлган хатга илова қилиш зарур.
Асосий совринлар билан бир қаторда ижтимоий тармоқларда энг кўп лайк/кўриш/ҳавола тўплаган ролик муаллифини рағбатлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси томонидан алоҳида номинация ажратилган.