Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида умумий ўрта таълим мактаблари ҳудудига ҳам турли манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
Ушбу хайрли ташаббус яшил ҳудудларнинг кўпайиши, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш баробарида ёш авлод қалбида она табиатни асраш билан боғлиқ қадриятларнинг давом этишига хизмат қилади.
Бугун бу борадаги ишларни янада кенг йўлга қўйиш мақсадида Давлат экология қўмитаси ва Халқ таълим вазирлиги томонидан дарахт кўчатлари экиш акцияси ташкил этилди.
Бир вақтнинг ўзида Республика миқёсида 14 та ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилган ушбу акция жараёнлари Тошкент шаҳар Сергели туманида жойлашган 300-сонли мактабга ўрнатилган катта монитор орқали тўғридан-тўғри мулоқот тарзида ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда яшил майдонлар ҳудуди янада кенгайиб бораётганлиги, бундай хайрли ташаббуслар мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида ҳам қизғин давом эттирилиб, барча зиё масканлари ҳудудига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилаётганини таъкидлашди.
Шундан сўнг мактаблар ҳудудига яхши ният билан турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати