Экология соҳасидаги илм-фан ривожига юксак эътибор
22.
08. 2022
11:35
3832
Yangiliklar

Табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш доимо давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим масалалардан бири бўлиб келган.

Айниқса, экологик муаммолар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ҳамда глобал муаммога айланган бугунги кунда мазкур масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Олимларимиз маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 7 миллиондан ортиқ инсонлар атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва бошқа экологик муаммолар таъсиридан вафот этмоқда, ҳар соатда 1700 гектарга яқин унумдор ерлар чўлга айланмоқда. 
Республикамизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолининг қулай табиий муҳитга эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, юзага келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш масалаларига жиддий эътибор берилмоқда. Ушбу муаммоларни ҳал қилишда илмий-тадқиқот ишларига ҳам катта эътибор берилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ–76-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида инновацион ва илмий-тадқиқот ишларини янада жадаллаштириш, атмосфера, ер ва сув ресурсларининг ифлосланишини камайтириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш, шунингдек, табиатни муҳофаза қилишга қаратилган янги технологияларни ишлаб чиқиш мақсадида 2022 йил 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  458-сонли қарори қабул қилинди.

Қарор билан Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти фаолиятини янада такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш бўйича 10 та асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Ушбу йўналишлардаги вазифалар ижросини таъминлаш, долзарб йўналишлардаги илмий тадқиқотларни янада кучайтириш мақсадида институтда Биохилма-хилликни сақлаш ва Чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш лабораториялари, Яшил ўсиш ва иқлим ўзгариши, Экотизим хизматлари ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда Экологик таълим ва тарғибот бўлимлари ташкил этилиб, барча лаборатория ва бўлимларга юқори малакали мутахассислар жалб этилади.

Қарор билан институт экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида таянч илмий ташкилот ва давлат буюртмалари бўйича асосий ижрочи этиб белгиланиб, институтда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи Кенгаш тузилиши белгиланди. 

Институтда Фанлар академияси, тармоқ илмий ташкилотлари ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорлик ва интеграция тизими яратилади. Бунинг учун институтга экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасининг хорижий етакчи экспертлари халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, Давлат экология қўмитасининг жамғармаси маблағлари ҳисобидан жалб қилинади.

Бундан ташқари институтга ўз вазифаларини ҳамда хўжалик шартномалари бўйича мажбуриятларини бажариш мақсадида тегишлича олий таълим ва илмий ташкилотларнинг профессор-ўқитувчиларини, ёш олимлар ва истеъдодли талабаларни, шунингдек, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда вақтинчалик илмий гуруҳларни ташкил этиш ваколати берилди. 
Республикамиздаги 106 та илмий ташкилотлардан 68 таси бюджетдан, 23 таси – илмий лойиҳалар учун ажратилган маблағлардан, 15 таси – ўзининг ёки бириктирилган идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Қарор билан 2022 йил 1 сентябрдан институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларни сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларни қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тизими жорий қилиниб, институт ходимларига Фанлар академияси тизимидаги илмий ташкилотларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилмоқда. Институт ходимлари умумий чекланган сони – 45 нафардан 35 нафаргача камайтирилмоқда.
Қарорда институт фаолияти учун алоҳида бино ажратиш ва институтнинг “Илмий-тажриба станцияси” ни ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. 

Институт илмий лабораторияларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигининг  Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан жами 1,5 млрд сўмлик 27 турдаги лаборатория ускуналари ва 19 турдаги реагент ва бутловчи материаллар харид қилиниши режалаштирилган. 

Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигига тегишли мақсадларга ажратилаётган маблағлар ҳисобидан институтнинг шаффоф танлов асосида танлаб олинган 5 нафаргача илмий ходимларини ҳар йили нуфузли хорижий илмий марказлар ва олий таълим муассасаларида малака оширишга юбориш кўзда тутилган.

 

Қарорда белгиланган барча топшириқ ва вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши келажакда республикамизда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси илм-фаннининг ривожланишига, соҳада малакали ва юқори билимли кадрлар улушининг ортишига хизмат қилади.

Салимжон Бўриев,
Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори

Foydali manbalar