Ўзбекистонда Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси билан эришилган ютуқларнинг 35 йиллиги нишонланмоқда
20.
09. 2022
16:51
3409
Yangiliklar

БМТ Бош Aссамблеяси 1987 йилда Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал баённомаси имзоланган санани нишонлаш мақсадида 
16 сентябрни Бутунжаҳон озон қатламини ҳимоя қилиш куни деб эълон қилди. Монреал баённомаси - озонни бузувчи моддалар деб аталадиган кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишни тартибга солувчи халқаро экологик битим ҳисобланади. Монреал баённомаси БМТга аъзо бўлган 198 та давлат томонидан қабул қилинган тарихдаги энг муваффақиятли экологик битимлардан бири саналади. 


 
2022 йилги Бутунжаҳон озон қатламини сақлаш кунининг шиори “Монреал протоколи@35:Сайёрамиздаги ҳаётни ҳимоя қилиш бўйича глобал ҳамкорлик” деб номланди ва бу шиор билан жаҳон ҳамжамиятини ҳар қачонгидан ҳам амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш назарда тутилган.

Ўзбекистонда мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси,   Тошкент давлат техника университети, Глобал экологик жамғармаси (ГЭЖ) ва БМТ Тараққиёт Дастурининг қўшма лойиҳаси доирасида бир қатор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича қўшма лойиҳа доирасида ўтказилган қатор танловлар ғолиблари эълон қилинди ва тақдирланди. Гендер тенглиги сиёсатини қўллаб-қувватловчи танловда ТДТУ Механика факультетида “Технологик машиналар ва ускуналар (совутгич муҳандислиги)" йўналишида қизларнинг таълим олиши учун бир йил муддатга грантни қўлга киритган уч нафар ғолиб аниқланди. Бу эса техника соҳасида ҳам  аёллар сафи кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Тадбирнинг навбатдаги қисмида озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича халқаро илмий мақолалар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Танлов иштирокчилари ўз билим ва тажрибаларини намойиш этдилар, бу эса, ҳакамлар ҳайъати фикрича, манфаатдор томонларга озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича кейинги ташаббусларда қарор қабул қилишда ёрдам беради.

Шу билан бир қаторда, Бутунжаҳон озон қатламини муҳофаза қилиш кунига бағишланган тадбирлар доирасида Халқ талими вазирлиги билан биргаликда мамлакатимиз бўйлаб озон қатламини муҳофаза қилишнинг аҳамияти ҳақида очиқ дарслар ўтказилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мактаб ўқувчиларининг экологияга оид тасаввурларини янада бойитиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришда муҳим бир омилдир.

Тадбирда Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Казбеков ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Доина Мунтяну иштирок этдилар.

Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати

Foydali manbalar