Расмий муносабат
04.
10. 2022
13:05
3190
Yangiliklar

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманининг саноат ҳудудидаги айрим тадбиркорларнинг фаолияти экологлар томонидан асоссиз текширилаётгани ва жаримага тортилаётгани ҳақида мурожаатлар эълон қилинди.

Аввало шуни айтиш керакки, жорий йилнинг май ойида Давлат экология қўмитаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Фарғона вилоятдаги атроф-муҳитга жиддий таъсир кўрсатувчи саноат корхоналари ўрганилган.

Жумладан, Ўзбекистон тумани Шўрсув маҳалласи ҳудудида қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган жами 35 та (5 та цемент, 27 та гипс, 2 та пишган ғишт ва 1 та шифер) корхоналар мавжудлиги аниқланган.

Давлат экология қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан шаҳарчадаги корхоналар фаолияти атрофида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги талабларининг бажарилиши юзасидан мониторинг кузатувлари ва хатлов ўтказилди. 

Мониторинг ва хатловлар натижасига кўра, 5 та цемент ишлаб чиқарувчи “Турон эко цемент груп” МЧЖ ҚК, “Қурилиш ашё сифат сервис” МЧЖ, “Грет силк роат сервис” МЧЖ, “Модерна цемент индастри” МЧЖ ҚК ва “Албус цемент груп” МЧЖ ҚКлар фаолият юритиш даврида ҳосил бўлган чангларни ушлаб қолиш учун уларнинг ҳар бирида 8 тадан 10 тагача қопли фильтрлар мавжуд бўлиб, лойиҳага кўра уларнинг тозалаш самарадорлиги 98-99 фоиз этиб белгиланган, аммо олиб борилган лаборатор таҳлил натижаларига кўра мазкур корхоналарнинг чанг тозалаш ускуналарининг самарадорлиги белгиланган талаб даражасидан паст (83-90 фоиз) эканлиги аниқланди.

Бундан ташқари:

Ҳукуматнинг тегишли қорори билан тасдиқланган Ифлослантирувчи манбалар мониторинги (МИЗ) дастури доирасида ўтказилган текширишлар натижасида 4 та ҳолатда атмосфера ҳавосининг цемент чанги билан ифлослантириш даражаси 3,8 баробардан 5,4 баробаргача ошганлиги;

шаҳарчадаги 27 та гипс ишлаб чиқарувчи корхоналарда қўлбола усулда тайёрланган чанг ушлаш қурилмаларидан фойдаланиб келинганлиги натижасида ҳудудда атмосфера ҳавосини чанг билан ифлосланиш даражаси 1,5 дан 29,8 мартагача меъёрдан ортганлиги аниқланди;

Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан цемент ишлаб чиқариш заводларида атмосфера ҳавосини ифлослантириш манбаларида автомат назорат қилиш ускуналарини ўрнатиш бўйича талаблар бажарилмаганлиги;

шаҳарча аҳолиси ораси орасида аллергик, юқори нафас йўллари ва бронхит касалликлари сўнгги 3 йилда 30 фоизга етганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шаҳарчада жойлашган қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг атроф-муҳитга салбий таъсирларни камайтириш мақсадида Ҳукуматнинг тегишли Дастури лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.

Шунингдек, бугунги кунгача Давлат экология қўмитаси томонидан шаҳарчадаги 27 та корхоналарнинг 19 тасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидани қонунларга риоя этилиши бўйича ваколатли орган билан келишилган ҳолда текширишлар ўтказилди. Текшириш даврида атроф муҳитни ифлослантирганлиги ва чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштирилганлиги учун 754 млн сўм компенсация тўловлари ҳисобланди.

Белгиланган талабларга риоя этмаганлиги учун давлат экология инспекторлари томонидан 5 та цех фаолияти вақтинчалик тўхтатилди, Иқтисодий суднинг қарори билан 2 та корхона камчиликларни бартараф этгунга қадар фаолияти тўхтатилди, шунингдек 10 та корхоналарда қўшимча чанг тозалаш ускуналари ўрнатилиши таъминланди. 

Давлат экология қўмитаси томонидан шаҳарча ҳудудидаги бошқа корхоналар фаолиятининг қонунийлигини ҳам ўрганиш режалаштирилган бўлиб, амалга ошириладиган назорат тадбирларини белгиланган қонунчилик доирасида ва адолатли амалга оширилиши ҳақида маълум қиламиз.

Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати

Foydali manbalar