Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди
18.
10. 2022
19:57
3443
Yangiliklar

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида  “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Давлат экология қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ушбу  қонун лойиҳасида ёввойи ҳайвонларни аҳоли турар жойларида сақлашда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, улар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, қонунчилик ҳужжатлари ўртасидаги тафовутларни бартараф этиш, соҳадаги рухсат бериш тартиб-таомилларини самарали тартибга солиш масалалари кўзда тутилган.

Сўнгги вақтларда фуқаролар томонидан инсон ҳаётига хавф туғдирувчи ёввойи ҳайвонларни хонадонларда сақлаш, уларни жамоат жойларида сайр қилдириш, шунингдек тўй, маърака, юбилей ҳамда бошқа оилавий тадбирларда олиб юриш ҳолатлари ортиб бораётганлиги натижасида жойларда нохуш ҳолатлар қайд этилмоқда.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 43-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда:

Биринчидан, учинчи ва тўртинчи қисмлардаги “рухсатнома” сўзи амалдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ “гувоҳнома” сўзига алмаштирилмоқда.

Иккинчидан, қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилмоқда:
“Жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонларнинг рўйхати, шунингдек мазкур рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларнинг юридик шахслар томонидан сақланиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади”.

Учинчидан, олтинчи қисмида ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланаётган ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг вакиллари иштирокисиз ўзбошимчалик билан чиқариб юборишни тақиқлаш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мобайнида хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган.

Шунингдек, лойиҳа белгиланган тартибда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)да жамоатчилик муҳокамасидан ва Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилган.

Қонун лойиҳаси ёввойи ҳайвонларни сақлаш, уларни табиий муҳитга чиқариб юбориш, улардан жамоат жойларида фойдаланиш билан боғлиқ ҳолларда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати

Foydali manbalar